Анна шаршараси — тоғ бағридаги табиат мўъжизаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Нурота туманида жойлашган Анна қишлоғи ўзининг бетакрор табиати билан ажралиб туради. Ушбу ҳудуддаги Анна шаршараси эса сайёҳлар ва табиат ихлосмандлари учун энг жозибадор масканлардан бирига айланган.
Анна қишлоғи ҳудудида жойлашган шаршара тоғ бағридан отилиб чиқадиган мусаффо булоқ сувлари ҳисобига шаклланган. Табиий сув оқими тошлар орасида шарқираб оқиб, атрофга салқинлик ва мусаффолик бағишлайди.
Шаршара атрофи йилнинг турли фаслларида яшилликка бурканади. Айниқса, баҳор ва ёз ойларида бу ҳудуд табиат қўйнида дам олиш истагидаги меҳмонлар учун янада жозибадор манзилга айланади. Қушлар сайраши, сув шарқираши ва майин шамол инсонга ўзига хос ором бағишлайди.
Маҳаллий аҳоли орасида Анна шаршараси муқаддас ва баракали маскан сифатида ҳам қадрланади. Айтишларича, бу ер суви мусаффо ва шифобахш хусусиятларга эга.
[gallery-29397]
Сўнгги йилларда мазкур масканга қизиқиш ортиб, Нурота тоғлари бағридаги ушбу гўзал ҳудуд экологик туризмнинг диққатга сазовор манзилларидан бирига айланмоқда. Табиатни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга безавол етказиш эса ҳар бир инсондан масъулият талаб этади.
Анна шаршараси нафақат табиат мўъжизаси, балки инсонни сокинлик ва мусаффоликка чорловчи бетакрор маскан сифатида эътироф этилмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА