Ангорда энг намунали мактабгача таълим ташкилоти директори аниқланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Ангор туманида мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари ўртасида “Энг намунали мактабгача таълим ташкилоти директори” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Танлов мактабгача таълим тизимида раҳбар кадрларнинг касбий маҳорати, бошқарув салоҳияти ва замонавий ёндашувларини баҳолаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасур Мирзақулов иштирок этиб, иштирокчиларга омад тилади. У таълим тизимида самарали бошқарувни йўлга қўйиш, раҳбарларнинг касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва илғор тажрибаларни оммалаштириш мазкур танловнинг асосий вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
[gallery-29482]
Илк бор синов тариқасида ташкил этилган танловда камида икки йиллик раҳбарлик тажрибасига эга давлат мактабгача таълим ташкилотлари директорлари иштирок этди. Қатнашчилар портфолио тақдимоти, бошқарув лойиҳаси ҳимояси ҳамда турли вазиятли топшириқлар орқали ўз билим ва раҳбарлик маҳоратини намоён қилди.
Якуний баҳолаш натижаларига кўра, Ангор туманидаги 11-давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Дилфуза Шаймардонова биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди. Шунингдек, 5-давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Наргиза Орзиқулова иккинчи, 4-давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Назокат Донаева эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Мутахассислар фикрича, мазкур танлов мактабгача таълим тизимида замонавий бошқарув усулларини кенг жорий этиш, раҳбар кадрлар малакасини ошириш ва илғор тажрибаларни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА