Андижонда ўқув-йиғин машғулоти ўтказилди
Андижонда эҳтиёт чораси сифатида коронавирус инфекциясига чалинган шахсларни даволаш ҳамда карантинга олинганларни сақлаш учун захира ўрин-жойлар ҳозирланмоқда.
Андижонда эҳтиёт чораси сифатида коронавирус инфекциясига чалинган шахсларни даволаш ҳамда карантинга олинганларни сақлаш учун захира ўрин-жойлар ҳозирланмоқда.
Эҳтимолли вазиятни тўлиқ назоратга олиш учун беморларни даволашга ихтисослашган 17 та давлат ва хусусий шифохоналарда 2 минг 590 ўринга мўлжалланган палаталар ташкил этилди. Бундан ташқари, 10 та объектда 1 минг 823 та қўшимча жойлар ҳозирланмоқда. Шунингдек, четдан кириб келаётган ҳамда касалликка гумон қилинган фуқароларни карантинда сақлаб туриш учун 10 минг 200 ўринли захира жойлар ташкил қилинмоқда.
Кейинги вақтда вирусга чалинганларнинг аксариятида пневмония кузатилмоқда. Ана шу ҳолат ҳисобга олиниб, тайёрланаётган шифохона ва марказлар сунъий нафас олдириш аппаратлари, кислород концентраторлари ва балонлари билан жиҳозланмоқда.
Андижон олимпия захиралари мактаб-интернати манежида ҳам 700 та захира ўрин-жойга эга марказ тайёрланган бўлиб, бу ердаги ҳар бир ўрин тиббий кислород ускунаси билан таъминланган.
Вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан мазкур марказда ўқув-йиғин машғулоти ўтказилди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармалари, миллий гвардия, санитария эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари мутахассислари иштирок этди.
Тадбир очилишида дунёдаги бугунги мураккаб вазият, вирус юқиши ва тарқалишининг олдини олиш, даволаш борасида мамлакатимизда зарур чора-тадбирлар кўрилиб, амалий ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
– Машғулот давомида беморларни қабул қилиш, саралаш, ёрдам кўрсатиш, умуман, жараённинг барча босқичларини тезкор ва юқори профессионал даражада ташкил этиш ишлари синовдан ўтказилди, –дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Алишер Эгамбердиев. – Айниқса, турли масъул ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорликдаги фаолият амалий жараёнларда кўриб чиқилди. Шифокорлар, ҳар бир тизим хатти-ҳаракати баҳолаб борилди.
Вилоятда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар, турли тизимларнинг ҳамкорлиги самаралари ўқув-машғулот натижаларида яққол намоён бўлди.
Ўқув-йиғин машғулотида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўзга чиқди.