Андижонда Президент мактаби очилди
Андижон шаҳрида барпо этилган Президент мактабининг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Президент мактабига жорий ўқув йилида қабул қилинган ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, мактаб ўқитувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда меҳмонлар иштирок этган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбари ХилолаУмарова мамлакатимизда ёш авлод камолоти, уларнинг пухта билим олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида Президент мактаблари қуриш ва фойдаланишга топшириш белгиланган эди. Мазкур ҳужжат асосида Андижонда ҳам замонавий кўринишга эга144 ўринли Президент мактаби қад ростлади.
Андижон шаҳрининг марказий кўчаси - Навоий шоҳкўчасида қарийиб 2 гектар майдонни эгаллаган Президент мактаби қурилиши “Шаҳрихон ихтисослашган қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилди.
Президент мактаби комплексида икки қаватли 2 та ўқув блоги, кутубхона, уч қаватли ётоқхона, меҳмонхона, ошхона, шунингдек, спорт ва гимнастика заллари, бассейн, автомобиллар учун тураржой барпо этилади. Ўқув хоналари энг замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Қурилиш, жиҳозлаш ишлари учун қарийб 68 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Мактаб ҳудудида ўзига хос ландшафт яратилиб, манзарали дарахт кўчатлари, гуллар экилди.
Жорий йилда Андижондаги Президент мактабининг 5-10 синфлар учун 144 нафар ўқувчи қабул қилинди.
[gallery-4463]
- Вилоятимиздаги Президент мактабининг илк ўқувчилари қаторидан жой олганимдан қувончим чексиз, - дейди Балиқчи тумани Сортепа маҳалласида яшовчи Муҳаммадёр Авазбеков. – Мен Балиқчи туманидаги 60- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида таҳсил олганман. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, Президент мактабининг 9-синфига қабул қилиндим. Бундан буён ҳам фақат аъло баҳоларга ўқиб, Президент мактабининг ўқувчиси, деган номга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.
- Президент мактабига қабул жуда адолатли ўтди, - дейди Пахтаобод тумани Тўпажувоз маҳалласида яшовчи Амиртемур Махсумов. – Имтихонлардан бир эмас икки набирам юқори балл олиб, Президент мактаби ўқувчисига айланди. Катта набирам Саидазизхон 10-синфга, кичиги Саодатхон эса 6-синфга қабул қилинди. Бундан нафақат набираларимнинг, балки бутун оиламизнинг қувончи чексиз.
Фарзандларимизнинг чуқур билим олиши учун мана шундай кенг имкониятлар яратиб бераётган юртбошимизга раҳмат. Ёш авлодга берилаётган эътибор келажакда албатта, ўзининг ижобий мевасини беради.
Мактабда ўқувчиларнинг пухта билим олиши, ўқитувчиларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур барча шарт-шароитлар яратилди. Ўқувчиларга 35 нафардан ортиқ мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ҳамда хориждан таклиф этилган малакали мутахассис – ўқитувчилар сабоқ беради.
- Маълум вақт ушбу мактабда ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бераман, - дейди Ямайка давлатидан таклиф этилган ўқитувчи Макс Веел. - Мактабда яратилган шароитлар, ўқув дастурлари нафақат миллий, балки халқаро талабларга тўла жавоб беради,
Президент мактабида ўқиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.
Тантанали тадбирда мактабга қабул қилинган ўқувчиларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик номидан сўз олган Амиртемур Махсумов, Ўзбекистон Қаҳрамони Камолиддин Ғопиров фарзандларимиз учун бапо этилган мактаб, яратиб берилган кенг имкониятлар учун Президентимизга миннатдорчилик билдириб, мазкур мактабда таҳсилни бошлаган ўқувчиларга оқ йўл тилади.
Президент мактаби ўқувчилари томонидан ўзбек, инглиз ва бошқа хорижий тилларда айтилган шеър ва қўшиқлар тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди.
Меҳмонлар, тадбир иштирокчилари Президент мактабида яратилган шарт-шариоитлар билан яқиндан танишди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА