Андижонда меҳнат ярмаркаси
Андижон шаҳар ҳокимлиги, прокуратураси ҳамда бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ҳамкорлигида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.
Андижон шаҳар ҳокимлиги, прокуратураси ҳамда бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ҳамкорлигида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада жойларда, хусусан, Андижон шаҳрида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида Андижон шаҳрида 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Меҳнат ярмаркасида шаҳардаги 44 корхона, ташкилот ва муассасалар бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
– Меҳнат ярмаркасида 600 нафардан зиёд фуқаро қатнашди, – дейди шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази раҳбари Аҳмадулло Комилов. – Янги ташкил этилган ва бўш иш ўринларига коллеж битирувчиларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида ташкилотчилар ва мутахассислар томонидан фуқаролар билан меҳнат қонунчилиги, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида суҳбатлар ўтказилди, зарур тавсия ва маслаҳатлар, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.