Андижонда IT соҳасида 17 миллион 905 минг АҚШ долларига тенг хизматлар экспорт қилинди
Мамлакатимизда IT соҳасини ривожлантириш, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш, хусусан, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган Ўзбекистонда “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси асосида Андижон вилоятида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, IT таълимини, ахборот технологиялари соҳасида турли соҳа мутахассисларининг билим ва малакасини ошириш, ёшларни касбга тайёрлаш ва йўналтириш тизимини ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар ҳам самарали амалга оширилмоқда.
– Мазкур йўналишдаги ишларни самарали амалга оширишга жамоамиз муносиб ҳисса қўшмоқда, – дейди IT Park Uzbekistan Андижон филиали раҳбари Саидакбар Икромов. – Жумладан, резидентлар, стартаплар билан ишлаш, айниқса, IT соҳасига ўқитиш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Бу албатта, вилоятда соҳани янада юқори босқичга кўтаришга, ижобий натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[photobank-31378]
Айни кунда вилоятда 120 та IT парк резиденти, яъни IT йўналишида иш олиб бораётган хўжалик субъектлари мавжуд бўлиб, асосан, рақамли таълим, масофавий хизматлар аутсорсинги, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда техник қўллаб-қувватлаш йўналишларида 1 минг 660 нафар ходим фаолият олиб боради. Резидент корхоналарнинг 50 таси экспортёр корхона ҳисобланади. Шундан хорижий капитал иштирокидаги резидентлар 16 тани ташкил этади.
Жорий йилнинг биринчи ярмида ана шу корхоналар томонидан дастурлаш ва масофадан туриб кўрсатилган хизматларни экспорт қилиш бўйича эътиборга молик ишлар бажарилди. Жумладан, 17 миллион 905 минг АҚШ доллари миқдоридаги IT хизматлари экспорт қилинди, жами хизматлар ҳажми эса 245 миллиард сўмни ташкил этди.
IT Park Uzbekistan Андижон филиалида 2025 йилда 46 та стартап мавжуд бўлган бўлса, жорий йил, бугунги кунга келиб уларнинг сони 70 тани ташкил этади. Стартаплар томонидан 2025 йилда 2 миллион 400 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги Стартаплар томонидан умумий қиймати 11 миллион 325 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция жалб этилди. Бу, албатта, соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунга қадар Андижон вилоятида 15 та корхона Zero Risk дастурига қабул қилинган. Ушбу корхоналарда жами 611 нафар ходим фаолият юритмоқда. Дастур иштирокчилари томонидан 12,78 миллион АҚШ доллари миқдорида IT хизматлари экспорт қилинди. Мисол учун, 2025 йилда дастурга қабул қилинган "ERSHI LOGISTICS" масъулияти чекланган жамияти томонидан 3,48 миллион АҚШ доллари миқдорида IT хизматлари экспорти амалга оширилди. Корхонада 106 нафар ходим иш олиб боради.
Шунингдек, вилоятда рақамли таълимни ривожлантириш бўйича ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Президентимиз томонидан илгари сурилган Ўзбекистонда “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар эътиборга молик. Лойиҳа доирасида мамлакатимизда 2030 йилга қадар жами 5 миллион нафар мактаб ўқувчилари, талабалар, ўқитувчи ҳамда давлат хизматчиларини ўқитиш кўзда тутилган.
Амалга оширилаётган “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида “aileaders.uz” платформаси орқали аҳоли ва ёшларнинг сунъий интеллект ва ахборот технологиялари йўналишларида бепул онлайн ўқув курсларига жалб этиш, рақамли саводхонлик даражасини ошириш, сунъий интеллект соҳасида мустақил билим ва амалий кўникмаларга эга қилиш, уларни замонавий ва юқори даромадли касбларга йўналтириш ҳамда Ўзбекистонда сунъий интеллект бўйича рақобатбардош кадрлар салоҳиятини шакллантириш мақсад қилинган.
Ҳар йили лойиҳа доирасида энг юқори натижаларга эришган иштирокчиларни тақдирлаш бўйича миллий танлов ўтказиб борилиши ҳам белгиланган.
Жорий йилнинг май ойида лойиҳаси доирасида юқори натижаларга эришган андижонлик 96 нафар иштирокчи “Миллий танлов” ғолиби сифатида муносиб рағбатлантирилди.
Вилоятда мазкур лойиҳа доирасида Рақамли технологиялар вазирлиги Андижон вилояти ҳудудий шўъбаси томонидан туман, шаҳар ҳокимликлари, олий ва профессионал таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда ҳудудларда лойиҳанинг аҳамияти, унинг мақсад ва вазифалари юзасидан тарғибот учрашувлари ва тақдимотлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
2026 йилнинг 2-чораги якунига кўра, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасига Андижон вилоятидан жами 374 минг нафар фойдаланувчи қамраб олинди, шундан “aileaders.uz” платформаси орқали “AISTUDY” курсларида 310 минг нафар ва “COURSERA” курсларида 64 минг нафар мактаб ўқувчиси, шунингдек, талаба, ўқитувчи ҳамда давлат хизматчилари сунъий интеллект курсларида таҳсил олди.
– Мен “Front End” йўналишидаги курсда таҳсил олиб, веб-сайт яратиш бўйича билим оляпман, – дейди Андижон шаҳрида яшовчи Нуршода Аҳмедова. – Назарий ва амалий билимларни пухта эгаллаб, келгусида IT соҳасининг малакали мутахассиси бўлишни мақсад қилганман.
Давлат хизматчилари, ташкилот, муассасаларнинг раҳбар ва ходимларини сунъий интеллект йўналишида ўқитиш бўйича ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, вилоятдаги 16 та туман, шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, ташкилот ва муассасаларнинг 5 минг 148 нафар раҳбар ва ходимлари сунъий интеллект йўналишида ўқиб, билим ва малакаларини оширди.
Бундан ташқари, Рақамли технологиялар вазирлиги, Марказий банк ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида вилоятдаги банкларнинг 75 нафар раҳбар ва ўринбосарлари сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича курсларда таҳсил олди.
Ўқув курсларида Рақамли таълимни ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан иштирокчиларга банк соҳасида сунъий интеллектнинг замонавий имкониятлари, маълумотларни таҳлил қилиш, қарор қабул қилиш жараёнларини оптималлаштириш ҳамда хизматлар сифатини оширишда уларни қўллаш бўйича билим ва кўникмалар берилди.
“Рақамлаштириш орқали фаровонлик сари дастури” асосида ижтимоий реестрга киритилган ёшларни ахборот технологиялари соҳасида замонавий касбларга ўқитиш бўйича бепул курслар ташкил этилди. Жорий йилда 4 минг 310 нафар реестрига киритилган ёшлар itstudy.uz платформаси орқали онлайн курсларда ўқитилди.
Бир сўз билан айтганда, вилоятда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда, қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу, албатта, ўзининг ижобий самараларини беради. Келгусида IT хизматлари экспорти, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва дастурий хизматлар кўрсатиш ҳажми, шу билан бирга, юқори интеллектуал салоҳиятга эга мазкур соҳада банд аҳоли сони ҳам янада ортади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари