Андижонда давлат захирасидаги ер майдонини ноқонуний сотмоқчи бўлган шахслар ушланди
Андижон вилоятида банк хизматлари маркази бошлиғи ва ирригация тизими ходими тил бириктириб, туман ҳокимлиги захирасидаги ерни 39 минг АҚШ долларига расмийлаштириб беришни ваъда қилгани аниқланди.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Андижон вилояти Марҳамат туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Текширувлар давомида туманда фаолият юритувчи банк хизматлари марказларидан бирининг бошлиғи ҳамда «Норин-Қорадарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси машинисти ўзаро тил бириктириб, 1989 йилда туғилган фуқаронинг ишончига киргани аниқланди.
Улар Марҳамат тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 24 сотих ер майдонининг гўёки тураржой тоифасига оид ҳужжатлари мавжудлигини ваколатли танишлари орқали келгусида ушбу фуқаро номига расмийлаштириб беришни ваъда қилишган. Бунинг эвазига 39 минг АҚШ доллари талаб қилишган.
Олиб борилган тезкор тадбир давомида машинист келишилган суммадан 25 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА