Андижонда байрамолди ярмаркалари иш бошлади
Андижонда Янги йил байрами олдидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари иш бошлади.
Андижонда Янги йил байрами олдидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари иш бошлади.Аҳолининг байрам дастурхони тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида Андижон шаҳридаги оммавий тадбирлар ўтказилиши белгиланган 15 ҳудуд ҳамда барча туман ва шаҳарлар марказларида Янги йил байрами арчалари ўрнатилиб, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Ярмаркаларда вилоятдаги қайта ишлаш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, чорвачилик, паррандачилик ҳамда балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этаётир. Деҳқону боғбонлар томонидан етиштирилган сифатли мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва гўшт, тухум, сут, балиқ каби 50 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат ва қандолатчилик маҳсулотлари арзон нархларда харидорларга тақдим этилмоқда.
– Байрам ярмаркалари халқимиз учун катта қулайлик яратмоқда, – дейди Андижон шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси С.Ўлмасова. – Айниқса, гўшт, тухум ва асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозорга нисбатан арзон нархларда, пластик карточкалар орқали сотилаётганидан хурсандмиз. Бундай ярмаркалар аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, оилаларга байрамона кайфият улашмоқда.