«Андижон» Суперлигада биринчи марта мағлуб бўлди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси бир ой танаффусдан сўнг давом эттириладиган бўлди. Суперлиганинг 6-туридаги илк учрашув «Андижон» ва «Сўғдиёна» ўртасида ўтди.
Бу йилги Суперлига ўйинлари ўзининг кутилмаган натижалари билан мухлисларимиз эътиборини янада кучайтирди. Ана шундай натижалар қайд этаётган «Андижон» клуби 6-тур учрашувида кутилмаганда «Сўғдиёна»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Бугун, 5 май куни «Навбаҳор» – «Локомотив», «Бунёдкор» – «Сурхон» клублари ўзаро рақобатлашади. Шунингдек, 6 май куни «Қизилқум» – «Нефтчи» жамоалари учрашувига гувоҳ бўлсак, 7 майда «Пахтакор» – «Металлург» ва «ОКМК» – «Насаф» ўйини ўтказилади. Мазкур турдан ўрин олган «Динамо» – «Олимпик» ўйини бошқа кунга қолдирилди. Бунинг сабаби эса «Олимпик» клуби асосини ташкил этадиган футболчилар Осиё кубогида иштирок этгани бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Суперлиганинг 5-туридан сўнг «Андижон» 11 очко тўплаган ҳолда жадвал пешқадамига айланган эди. Унинг ортидан «Нефтчи» битта ўйин кам ўтказган ҳолда 9 очко билан бормоқда. «Сўғдиёна», «Локомотив», «Насаф» ва «ОКМК» жамоалари 8 очко жамғарган ҳолда кейинги ўриндан жой олган бўлса, «Қизилқум» клуби 7 очко билан 7-поғонадан ўрин эгаллаган. «Навбаҳор» 6, «Пахтакор», «Олимпик» 4 очко, 8-9-10 ўринда қайд этилган. Шунингдек, «Сурхон» бу турдаги ғалабасидан сўнг 4 очко билан 11-ўринга кўтарилиб олди. Унинг ортидан худди шундай очко билан «Динамо» бормоқда. «Металлург» ҳамда «Бунёдкор» 2 очко жамғарган ҳолда қуйи поғонада қолмоқда.
Маълумот учун, бу жадвалда «Насаф», «Навбаҳор», «Нефтчи» , «Пахтакор», «Металлург» ва «Олимпик» клубларида биттадан ўйин кам. Ушбу жамоалар 4-турда қўлга киритган очколари билан жадвалдан ўрин олган. Бу дегани, ҳали чемпионлик учун караш қизғин давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА