"Andijon Open": Таэквондочиларимиз шоҳсупа тўрида
Андижонда ўтаётган таэквондо WТ бўйича "Andijon Open" халқаро турнирининг иккинчи кунида ўсмирлар тоифасидаги жанглар ўтказилди.
Ушбу ёш тоифасида вазни 63 килограммгача бўлган қизлар ўртасидаги финал баҳсида Тошкент шаҳри жамоасининг икки аъзоси Афруза Сатторова ҳамда Ҳабиба Олимжонова рақобатлашди. Ушбу беллашувда Афруза рақибига нисбатан фаолроқ бўлди ва аниқ зарбалари орқали халқаро турнир ғолибига айланди. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур вазндаги барча совринли ўринлар ҳамюртларимизга тегишли бўлди. Аниқроғи, Афруза ва Ҳабиба сингари Бибиойша Шарипова ҳам шоҳсупага кўтарилди.

– Мазкур мусобақадаги муваффақиятимда мураббийим Обид Абдураҳмоновнинг ҳиссалари катта, – дейди Афруза Сатторова. – Мураббийимнинг тўғри кўрсатмалари сабабли ғолиб бўлдим. Бу ғалаба мен учун халқаро турнирдаги биринчисидир. Бунга қадар турли мусобақаларда совриндор бўлганман, бироқ олтин медални қўлга киритмаган эдим. Бу муваффақиятимдан хурсандман. Умид қиламанки, келгусида бу каби нуфузли мусобақаларда, Осиё ва Олимпия ўйинларида чемпион бўламан. Ушбу мақсадим йўлида барча қийинчиликлардан ўтишга тайёрман.

Шунингдек, ўз вазнларида Бегзодбек Раҳимжонов Темур Қодиров, Жавоҳир Ирисбоев, Шаҳноза Ёдгорова, Рушанахон Равшанова, Муштарий Қаҳрамонова, Жасмина Абдукаримова ҳамда Гулзора Амирова каби ёш таэквондочилар олтин медалга сазовор бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА