Анъана ва инновация уйғунлиги
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Педагогик маҳорат марказида «Гибрид таълим моделлари: глобал тенденциялар ва миллий амалиёт» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Россия, Филиппин, Озарбайжон, Эрон ва бошқа давлатлардан таълим соҳаси вакиллари, олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда мутахассислар иштирок этишди.
Конференцияда замонавий таълим моделларини ривожлантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, миллий таълим амалиётига инновацион ёндашувларни жорий этиш, шунингдек, педагогларнинг касбий ва рақамли компетенцияларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуманда Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ректори Нафиса Абдуллаева, Сирдарё вилояти педагогик маҳорат маркази директори, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент Гуласал Бердалиева, Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти профессори, педагогика фанлари доктори Озод Абдуғаниев, Гулистон шаҳридаги Ideal Study мактабининг академик директори Жавоҳир Мусурмонов, шунингдек, маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари вакиллари қатнашишди.
Пленар сессияда таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг индивидуал эҳтиёжларини ҳисобга олиш, оила ва мактаб ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, инклюзив таълим муҳитини ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-32219]
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти профессори Озод Абдуғаниев оила ва мактаб ҳамкорлиги асосида ўқувчиларда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни шакллантириш, шахсга йўналтирилган ёндашувнинг аҳамияти ҳақида маъруза қилди.
А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети вакиллари Сергей Никаноров ва Римма Мурашова рус тилини ўрганишда тил ўйинларидан фойдаланиш, шунингдек, педагогик топшириқларни тайёрлашда сунъий интеллект имкониятларини қўллаш масалалари борасида сўз юритишди.
Филиппин Республикаси вакили, марказ директорининг халқаро маслаҳатчиси Шела Гирлиэ Борромео сунъий интеллект ёрдамида турли эҳтиёжларга эга ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари ҳақида маъруза қилди. Озарбайжон Давлат педагогика университетининг Қуба филиали профессори Нубар Байрамова эса рақамлашув даврида келажак ўқитувчиси эгаллаши зарур бўлган компетенциялар хусусида фикр билдирди.
Конференция доирасида илмий-амалий муҳокамалар тўртта шўбада давом этди. Уларда инновацион педагогика ва замонавий ўқитиш методлари, шахсга йўналтирилган ва инклюзив таълим, мактабгача ҳамда умумий ўрта таълимни ташкил этиш ва бошқаришнинг замонавий ёндашувлари, шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли воситаларнинг таълим жараёнидаги имкониятлари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар гибрид таълим шароитида педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланишини таъминлаш, халқаро баҳолаш дастурлари натижаларидан самарали фойдаланиш, ўқувчиларнинг ижодий ва танқидий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, рақамли платформаларни дарс жараёнига татбиқ этиш каби йўналишлардаги илмий изланишлари ва амалий тажрибаларини тақдим этдилар.
Жумладан, Google Classroom платформасидан фойдаланиш, физика ва астрономия дарсларида рақамли дастурларни қўллаш, хорижий тилларни ўрганишда сунъий интеллектнинг дидактик имкониятларидан фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Сирдарё вилояти Педагогик маҳорат маркази директори Гуласал Бердалиева конференциянинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, замонавий таълимни ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
— Бугун таълим тизими олдида турган муҳим вазифалардан бири — глобал тенденцияларни чуқур ўрганиш ва уларни миллий таълим муҳити ҳамда эҳтиёжларига мослаштиришдир. Гибрид таълим моделлари педагоглар ва ўқувчилар учун янги имкониятлар очмоқда. Бироқ бу жараёнда технологиянинг ўзи эмас, балки унинг таълим сифати, ўқувчиларнинг билим олиши ва педагогларнинг касбий ривожланишига қўшаётган ҳиссаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
— Халқаро конференциямиз маҳаллий ва хорижий мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, илғор ғояларни муҳокама қилиш ва уларни амалиётга татбиқ этишнинг самарали йўлларини белгилаш учун муҳим мулоқот майдони бўлди. Бундай учрашувлар педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этиш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилади, — деди марказ директори.
Анжуманнинг якуний сессиясида маърузалар ва тақдим этилган илмий ишланмалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, таклифлар муҳокама қилинди. Тадбир дастурига мувофиқ, фаол иштирокчиларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
Халқаро илмий-амалий конференция таълим соҳасидаги замонавий ёндашувларни ўрганиш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА