Амударёда Манғит сув тозалаш иншооти ва Амфитеатр фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида янги бунёдкорлик ва ободонлаштириш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳалар қаторида Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонда ишга туширилган йирик объектлардан бири Амударё туманидаги Манғит сув тозалаш иншооти бўлди. Тадбирда фаоллар ва нуронийлар бу ерда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.
Умумий қиймати 167,7 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида объект тўлиқ реконструкция қилиниб, суткасига 40 минг куб метр сувни тозалаш қуввати яратилди. Шунингдек, лойиҳа доирасида 3 та ичимлик суви иншооти ва 300 километрдан зиёд сув тармоқлари янгиланди.
Ушбу бунёдкорлик ишлари натижасида Амударё туманида марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 80 фоизга етказилди. Муҳими, лойиҳанинг ишга туширилиши туман аҳолиси учун муносиб байрам совғаси бўлди.
Шу куни Амударё тумани аҳолиси учун байрам совғаси - марказий амфитеатрнинг очилиш маросими ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, туман аҳолисининг байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиши учун муносиб жой, йиллар давомида ушалмай келган нияти - амфитеатр аввал бўлмаган эди. Президентимизнинг эътибори билан бугунги кунга келиб янги Амфитеатр қурилиб, фойдаланишга топширилди ва туман аҳолисининг кўп йиллик орзу-умиди рўёбга чиқди. Аҳамиятлиси, бундан буён тумандаги барча йирик маданий тадбирлар ва байрам тантаналари шу ерда ўтказилади.

Очилиш маросими мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида ўтказилиши тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлаб, ҳақиқий байрамга айланди. Тадбир санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Очилиш маросимларида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни янгидан қуриб битказилган Манғит сув тозалаш иншооти ва Амфитеатрнинг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири