Ампутант футболчиларнинг ютуқлари муносиб эътироф этилди
Жиззах вилоятида ампутантлар футболи сўнгги йилларда изчил ривожланиб, катта ютуқларга эришиб келмоқда. Вилоят шарафини ҳимоя қилаётган ампутант футболчилар нафақат республика миқёсида, балки халқаро майдонларда ҳам муносиб натижаларни қўлга киритиб, Ўзбекистон терма жамоаси сафида Жаҳон ва Осиё чемпионатларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.
Ана шу ютуқларнинг муносиб эътирофи сифатида Янги йил байрами арафасида Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан ампутант футболчиларни тақдирлаш маросими ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Савурбаев, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бўлими ижрочи директори Акмал Аҳмедов ҳамда Жиззах вилояти футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Шуҳрат Юлдашевлар иштирок этишди.


Маросимда сўзга чиққанлар ампутант футболчиларнинг иродаси, матонати ва спортга бўлган садоқатини алоҳида таъкидлаб, уларнинг ютуқлари ёшлар учун ибрат мактаби эканини қайд этди.


Тақдирлаш маросими якунида юқори натижаларга эришган спортчиларга пул мукофотлари топширилди. Бу эса футболчиларга янада куч-ғайрат, янги марраларни забт этиш учун рағбат бағишлади.

Айтиш жоизки, вилоятда ампутантлар спортини қўллаб-қувватлаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва иқтидорли спортчиларни аниқлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу эса келгусида Жиззах вилояти ампутант футболчиларининг халқаро мусобақаларда янада юқори натижаларга эришишига мустаҳкам замин яратади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари