Тошкентда кичик бизнес субъектлари маҳсулотлари халқаро кўргазмаси очилди
Пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларининг халқаро кўргазмаси очилди.
Пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларининг халқаро кўргазмаси очилди.Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси ва “Expocontact” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Назира Дадахонова, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Ли Цзе ва бошқалар Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида изчил тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Кўргазмада хорижлик тадбиркорлар, жумладан, Хитойнинг 40 дан зиёд компанияси ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда. Улар томонидан кичик бизнес субъектлари учун ускуна ва жиҳозлар, мебель, тўқимачилик саноати товарлари, қурилиш материаллари, электр жиҳозлар ва бошқа маҳсулотлар таклиф қилинмоқда. Янги инновацион ишланмалар, ресурс тежовчи минитехнологиялар, қуёш панеллари, телефонни қувватлантирадиган қурилмалар тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
– Мамлакатингизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан эркин шуғулланиш учун барча шарт-шароит яратилган, – дейди Хитойдаги «Хуаньдэ» компанияси раҳбари Мисси Ян. – Компаниямиз сульфат калий ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчилардан саналади. Ўзбекистон тадбиркорлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, мамлакатингизда янги корхона очиш истиқболлари бўйича музокара олиб бормоқдамиз.
Кўргазмада Тошкент, Фарғона, Жиззах, Сирдарё вилоятларидаги асаларичилар ҳамда
Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги халқ усталари томонидан тайёрланган ҳунармандчилик буюмлари, табиий хомашёдан тайёрланган маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
– Асал қувватбахш ва хушбўй маҳсулот, у ошқозон-ичак касалликларига шифо, иммунитетни оширади, – дейди зангиоталик тадбиркор, «Ғуломхўжа асалчилиги» фермер хўжалиги раҳбари Қодирхўжа Тожихўжаев. – Асаларичилик билан 40 йилдан буён шуғулланаман. Бу касб менга ота мерос. Бугунги кўргазмада турли хилдаги шифобахш асал маҳсулотлари билан иштирок этмоқдамиз.
Мазкур тадбир янги иш бошлаётган тадбиркорлар учун ўз бизнесини муваффақиятли йўлга қўйиш, товарлар ва кичик бизнес хизматларини намойиш этиш, замонавий тежамкор технологияларни харид қилиш учун қулай шароит яратмоқда, харидор ва ишлаб чиқарувчи ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот майдонига айланди.
Кўргазма доирасида давра суҳбатлари, турли компаниялар тақдимотлари, оилавий бизнесни ривожлантиришга бағишланган маҳорат дарслари ўтказилиши мўлжалланган.