Ҳамкорлик истиқболларига бағишланди
Пойтахтимизда 3 март куни Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика саноати вакилларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда 3 март куни Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика саноати вакилларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи компания ва концернлари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Н.Дадахонова, Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Кумар ва бошқалар Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги кенг кўламли муносабатлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар каби қатор йўналишларда, жумладан, фармацевтика соҳасида изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил май ойида Ҳиндистонга давлат ташрифи ҳамда Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг 2015 йил июль ойида мамлакатимизга расмий ташрифи икки томонлама манфаатли алоқаларни янада фаоллаштириш учун кенг имкониятлар очиб берди.
Мамлакатларимиз ўртасида имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистонда Ҳиндистон сармояси иштирокида тузилган саксондан зиёд корхона, мазкур мамлакатнинг йигирмадан ортиқ фирма ва компанияси ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.
Фармацевтика саноати Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидандир. Айни пайтда мамлакатимизда ушбу соҳага ихтисослашган «Новафарм», «Браво Фарм», «Ультра Хелс Кеар» ва «Гуфик Авиценна» қўшма корхоналари муваффақиятли иш юритмоқда.
Бизнес-форумда Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуни мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди. Меҳмонларга мамлакатимиз фармацевтика корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, импорт ўрнини босадиган дори воситалари турларини янада кенгайтириш ва бу борадаги экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон фармацевтика корхоналарининг етакчи саноат бирлашмаси – “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни дори воситалари ва биопрепаратлар ишлаб чиқарувчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, фармацевтика саноатини ривожлантириш ва аҳолининг дори-дармонга бўлган талабини қондиришда муҳим ўрин тутмоқда. Концерн ўз фаолияти мобайнида доривор ўсимликларни етиштириш, йиғиш, тайёрлаш, қадоқлаш, дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш бўйича самарали фаолият кўрсатмоқда.
Айни пайтда мамлакатимиздаги юздан зиёд фармацевтика корхонасида 1700 дан ортиқ дори воситаси ишлаб чиқарилмоқда. Бу ички бозорнинг учдан бир қисмини дори воситалари билан таъминлаш имконини бермоқда. Ўттизга яқин корхонада халқаро сифатни бошқариш тизими жорий этилган. Мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган илмий-тадқиқот институтлари олимлари янги препаратлар яратиш устида ишламоқда. Бу ишлаб чиқарувчиларни кўпайтириш ва маҳаллий препаратлар тайёрлашни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон фармацевтика саноатига хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида олиб борилаётган ишлар, бу йўналишда чет эллик сармоядорлар учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар хусусида сўз юритилди. Соҳага инвестициялар жалб этилаётгани самарасида дори-дармон ва тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқариш муттасил кенгайиб бораётир. Бугунги кунда Ўзбекистон фармацевтика саноати вакиллари Ҳиндистон, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Польша, Болгария, Чехия, Туркия ва бошқа мамлакатларнинг йирик ишлаб чиқарувчилари билан тажриба алмашиб, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Ҳиндистонлик ишбилармонлар Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида қўлга киритилаётган улкан ютуқларни юксак баҳолади.
– Ўзбекистон фармацевтика саноатини ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга мамлакат, – деди Ҳиндистоннинг “Ravenbhel Healthcare” компанияси бизнесни ривожлантириш директори Сахил Махажан. – Компаниямиз дори воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўзбекистон бозори биз учун ғоят истиқболли. Мамлакатингиз фармацевтика саноати имкониятлари билан яқиндан танишиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятидамиз.
Анжуманда Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи таҳлил қилиниб, уни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Тармоқда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ҳамкорликда тайёрланаётган дори-дармонлар турларини кенгайтириш, бу борада тажриба алмашувини фаоллаштириш, қўшма корхоналар ташкил этиш орқали икки мамлакат бизнес вакилларининг амалий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Шу куни Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг фармацевтика компаниялари ва корхоналари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди.