Ҳамкорларимиз хабарлари
Мурожаатномада 2020 йил ва келгуси беш йил учун ривожланишнинг устувор йўналишлари ва вазифалари белгилаб берилди.
Мурожаатномада 2020 йил ва келгуси беш йил учун ривожланишнинг устувор йўналишлари ва вазифалари белгилаб берилди.
“Казинформ” ахборот агентлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Саидикром Ниёзхўжаев М.Нарикбоев номидаги Қозоғистон гуманитар-юридик университетида брифинг ўтказган. Бирифингда иштирокчиларга элчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасининг мазмун моҳияти ҳақида сўзлаб берган.
“Президент ўз мурожаатномасида ўтган йил якунларига баҳо бериб, 2020 йил ва келгуси беш йил учун мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва вазифаларини белгилаб берди, долзарб масалалар бўйича қонунчилик ташаббусларини илгари сурди”, – дейди С. Ниёзхўжаев.
Элчининг таъкидлашича, 2019 йил декабрда “Янги ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида электорал жараён бўлиб ўтди. Ушбу сиёсий воқеа мамлакатда янги сиёсий муҳитни шакллантирди. Очиқ ва ошкоралик шароитида, халқаро стандартлар асосида ўтган сайловда қарийб, 50 та мамлакатдан ҳамда 10 та халқаро ташкилотдан 825 кузатувчи ҳозир бўлдилар. Ўзбекистон илк бор таркиби 316 кишидан иборат бўлган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Буюросининг кенг қамровли миссияси билан яқиндан ҳамкорлик қилди.
Халқаро кузатувчилар сайловлар сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат, кескин баҳс-мунозаралар шароитида ўтганини, бунда оммавий ахборот воситалари роли сезиларли равишда ошганини очиқ-ойдин эътироф этди.
Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг мурожаатномасида асосий эътиборни, айниқса маҳаллий кенгашларга, сайловларнинг уч босқичли тизимини оптималлаштиришга қаратиш лозимлигини таъкидлаган, бу жараёнда туман ва шаҳар сайлов комиссияси ролини кучайтириш муҳимлигини қайд этган.
Элчи Ўзбекистон Президенти мурожаатномада мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинаётган инвестицияларга эътибор қаратди. Тўғридан тўғри жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 4,2 миллиард долларни ташкил этган ва бу 2018 йил билан солиштирганда 3,1 миллиард долларга ортган. Мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажмида инвестиция улуши 37 фоизга етди.
Ўзбекистон биринчи бор халқаро кредит рейтингини олди ва жаҳон молия бозорига бир миллиард доллар миқдорида облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди. Кейинги 10 йил давомида илк бор Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг кредитли риск бўйича рейтингида позицияси яхшиланди.
Мамлакатда энергетика, нефтгаз саноати, геология, транспорт, йўл қурилиши, қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви билан таъминлаш ва бошқа қатор соҳаларда чуқур тузилмавий янгиланишлар бошлаб юборилди. Саноатнинг 12 та илғор соҳасида модернизациялаш ва рақобатбардошликни ошириш дастури ҳаётга жорий қилинмоқда. Натижада ўтган йили иқтисодий ўсиш суръати 5,6 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ҳажми 6,6 фоизга экспорт 28 фоизга ошди. Мамлакатнинг олтин-валюта захираси 2,2 миллиардга ортиб жами 28,6 миллиард долларга етди.
Президент Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада фан ва таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Мазкур соҳани янги босқичга кўтариш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан 2020 йил мамлакатда Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинди. Шу боис Шавкат Мирзиёев 2020 йилда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда туб бурилиш ясаш лозимлигини алоҳида қайд этди. Биринчи навбатда қурилиш, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив ишларини рақамлаштириш муҳимлигини айтиб ўтилди.
2020 йилда 206 та йирик ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш мақсадида 23 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштирилади. Шунингдек, Президент мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш зарурлигини ҳам эслатган.
Шавкат Мирзиёев мурожаатноманинг сўнгги қисмида мамлакатда бошланган ислоҳотларни энди ортга қайтариб бўлмаслигини ва у ҳал қилувчи босқичига чиққанини таъкидлаган. “Ўзининг аниқ натижаларини бераётган ислоҳотларни одамларимиз маъқулланмоқда. Ва бундай янгиланишларни, бу қадар жадал жараённи энди ҳеч ким ортга қайтара олмайди. “Энг муҳими, ислоҳотлар натижаларини ҳар бир оила, ҳар бир ватандошимиз ўзининг кундалик ҳаётида ҳис қилсин.”, – деди Ўзбекистон Президенти.