Амир Темур мероси — давлатчилик ва ибрат мактаби (+видео)
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини муносиб нишонлаш арафасида буюк саркарданинг давлатчилик анъаналари ва бой маънавий меросини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда тарихчи олимлар ва тадқиқотчилар Темурийлар даври бошқарув тамойилларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси хусусида муҳим илмий хулосаларни илгари суришмоқда.
Мазкур мавзу доирасида тарихчи олим Отабек Алимардонов ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди:
— Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан ҳамда маданият ҳомийси Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Президент қарори стратегик аҳамиятга эга. Зеро, Соҳибқирон нафақат Марказий Осиё, балки жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган шахс сифатида эътироф этилади.
Унинг давлат бошқаруви тизими, хусусан, «Темур тузуклари»да баён этилган адолат, тартиб ва қонун устуворлиги ғоялари бугунги кун учун ҳам ғоят долзарбдир. Амир Темур адолатни бошқарувнинг бош мезонига айлантириб, кенг ҳудудда турли миллат ва элатларнинг аҳил яшашини, тинчлик ва барқарорликни таъминлаган. Шу боис унинг давлатчилик тажрибаси жаҳон илм-фанида доимий ўрганиш объекти бўлиб қолмоқда.
Соҳибқирон нафақат ҳарбий салоҳияти, балки моҳир дипломат сифатида ҳам танилган. Унинг даврида Европа ва Шарқ мамлакатлари билан фаол дипломатик ҳамда иқтисодий алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, бу халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилган.
Амир Темур мероси ёш авлод учун юксак маънавий мактабдир. Унинг шижоат ва ватанпарварликка йўғрилган қарашлари ёшларни фидойилик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, тарихий меросимизни замонавий усуллар ва медиа технологиялар орқали оммалаштириш олдимизда турган энг долзарб вазифалардан биридир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/UC6zlwqUpHA?si=hP9HbkOnZpUQoeNk" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н. Раҳмонова, О. Давронов (видео), У. Тўхтаев (монтаж), ЎзА