Америкада илк бор “Ўзбек маҳалласи” ташкил этилди
АҚШнинг Сиэтл шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошларимиз ҳаётида муҳим воқеа юз берди. Илк бор ўзбеклар бирлашиб, “Ўзбек маҳалласи” жамоат бирлашмасини ташкил этди.
Ушбу ташаббус юртдошлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодга етказишга хизмат қилади. Жамоа Вашингтон штати томонидан расман рўйхатдан ўтказилди. Штат Давлат котиби Стив Хоббс томонидан ҳудуддаги илк ўзбек жамоаси сифатида қайд этилгани мазкур ташаббуснинг тарихий аҳамиятини янада оширди.
Бугунги кунда Вашингтон штатида 3 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ва келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган ватандошлар истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти Сиэтл ҳамда унинг атрофидаги йирик технологик ва саноат компанияларида фаолият юритмоқда. Хусусан, Microsoft, Amazon, Google, Boeing, Oracle, NVIDIA каби дунёга машҳур компанияларда ишлаётган юртдошларимиз дастурий таъминот, сунъий интеллект, муҳандислик, авиация, таълим, тиббиёт ва тадбиркорлик йўналишларида муносиб ўрин эгаллаган.
“Ўзбек маҳалласи”га асли хоразмлик Мусо Холмуродов раис этиб сайланди. Сиэтлда Маркс номи билан танилган у Вашингтон штати ҳукумат тизимида 15 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, айни пайтда штат Тузатиш ишлари департаментида раҳбарлик лавозимида фаолият юритмоқда.
Маҳалла ўзбек халқи учун нафақат жамоат бирлашмаси, балки меҳр-оқибат, ўзаро ёрдам, миллий ўзлик ва бирдамлик тимсолидир. Сиэтлдаги янги жамоа ҳам ана шу қадриятларни давом эттириб, ватандошларни бирлаштириш, ёш авлод қалбида она тили, тарих ва маданиятга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Жамоа миллий байрам ва маданий тадбирларни ташкил этиш, янги келган юртдошларнинг мослашувига кўмаклашиш, ёшлар ва мутахассислар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, хайрия ҳамда таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.
Келгусида “Ўзбек маҳалласи” Сиэтлдаги ўзбекистонликларнинг ишончли таянчи ва ягона жамоавий платформасига айланиши кутилмоқда.
Мазкур ташаббус Сиэтлдаги ўзбекларнинг миллий ўзлигини сақлаган ҳолда АҚШ жамиятининг фаол қисмига айланиб бораётганини яққол намоён этади. Эндиликда Сиэтлда яна бир ўзбекона маскан — аҳиллик ва ҳамжиҳатлик тимсоли бўлган “Ўзбек маҳалласи” фаолият бошлади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 12 ноябрда қабул қилинган Президент фармонига мувофиқ АҚШ ҳудудида қўшимча консулликларни очиш вазифаси белгиланган эди. 2026 йил март ойида Ахрор Бурханов Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги илк Бош консули этиб тайинланди.
Вашингтон штати АҚШнинг иқтисодий ва инновацион жиҳатдан энг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Унинг 2025 йилдаги ялпи ички маҳсулоти қарийб 900 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Штат юқори технологиялар, авиация-космик саноати, сунъий интеллект, биотехнология, яшил энергетика, халқаро савдо ва логистика йўналишларидаги салоҳияти билан ажралиб туради. Сиэтл эса Microsoft, Amazon, Boeing, Google, Oracle ва NVIDIA каби йирик компаниялар жойлашган АҚШнинг етакчи технологик марказларидан бири саналади.
Нозимбек Мардонов,
ЎзА