Амалий тавсиялар ишлаб чиқилди
Республика Маънавият ва маърифат марказида мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада янги тизим яратиш, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларининг самарадорлигини оширишга кўмаклашиш бўйича республика экспертлар гуруҳи кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов давлатимиз раҳбари маънавият масалаларига ҳамиша устувор вазифа сифатида эътибор қаратаётгани соҳа вакиллари зиммасига улкан ва масъулиятли вазифаларни қўяётганини таъкидлади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни давр руҳига ҳамоҳанг тарзида йўлга қўйиш юзасидан бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар маънавий-маърифий ишлар тарғиботини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ҳудудлардаги соҳага тааллуқли фаолиятни ўрганиш натижасида аниқланган камчиликлар, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масаласи доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Янги-янги кутубхоналарни ташкил этиш, китобхонликни тарғиб этиш, юртимизда кечаётган ислоҳотларни тарғиб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жойлардаги мавжуд ҳолатни ўрганишда республика экспертлар гуруҳи фаол ҳисса қўшмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 март куни қабул қилинган «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҳар бир умумтаълим муассасасида жорий этилган ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар самарали фаолият кўрсатмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, Президентимиз белгилаб берган топшириқлар асосида давлат ва жамоатчилик ташкилотлари, зиёли олимларимиз ҳамкорлигида мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни илмий асосда тубдан такомиллаштиришга оид яхлит механизм ишлаб чиқилди. Янги тизим ўз ичига оила, болалар боғчаси, мактаб, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими масканлари, маҳаллалар, туман, вилоят, вазирлик ва идораларда ишларни қандай ташкил этиш, мувофиқлаштириш билан боғлиқ масалаларни қамраб олади.
Жойларга чиқиб, ҳолатни ўрганган ишчи гуруҳларнинг илмий-методик хулоса ва тавсиялари олимлар, экспертлар иштирокида кенг муҳокама этилди. Соҳада кучлар ва имкониятларни бирлаштириш ишлари амалий натижадорликка эришишда муҳим омил экани алоҳида таъкидланди.
Ҳудудлардаги маънавий-маърифий фаолиятни ўрганиш натижасида аниқланган камчиликлар, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит ҳолатини аниқлаш методикаси, инсонпарварлик, эзгулик ва бунёдкорликка асосланган миллий ғоя концепциясига оид масалалар юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова, ЎзА