Амалий ишлар жараёнлари ўрганилди
Бухоро вилоятида маданий мерос объектлари ва уларга туташ ҳудудларда ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, аҳоли ва сайёҳлар учун зарур шарт-шароитни яратиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда янги имкониятларни ишга солиш борасидаги амалий ишларга киришилди.
Аҳамиятлиси, бу кенг кўламдаги хайрли иш жорий йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида Бухоро тарихий маркази ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган Халқаро замонавий санъат биенналеси олдидан амалга оширилмоқда. Халқаро архитектура ва санъатнинг илғор ютуқлари асосида ўтказилиши таклиф этилаётган халқаро биеннале Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида биринчи бўлиб ташкил қилинади.

Биенналени ЮНEСКО шафелигида ўтказиш ҳамда БАА, Франция, Буюк Британия, Саудия Арабистони каби мамлакатларнинг етакчи санъат ташкилотлари вакилларидан иборат Халқаро кенгаш томонидан бошқариш назарда тутилган. Мазкур халқаро тадбирнинг архитектуравий ечимларини ишлаб чиқиш мақсадида БААнинг “Wai wai design” архитектура ташкилоти жалб қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раисининг ўринбосари Азиз Маннапов, “Wai wai design” хорижий компания асосчиси, мазкур Биеннале куратори Vayel al Avar, чет эллик архитектор мутахассислар айни кунда вилоятда бўлиб, Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида бошланган ишларни ўрганмоқда.

Маданий мерос ва архитектура ёдгорликларини асраб-авайлаш, улардан оқилона фойдаланиш ва техноген жараёнлар таъсирининг олдини олиш мақсадида хорижий ва маҳаллий экспертлар, олимлар, тарихчилар ҳамда тажрибали лойиҳачиларни жалб қилган ҳолда Бухоро шаҳар тарихий марказидаги “Чор Минор” ва “Истеза” мадрасалари, “Самарқанд” ва “Дарвозаи Саллохона” дарвозалари, “Зиндон” ва “Масжиди Калон” каби туристик маршрут бўйлаб жойлашган объектлар ҳудудида ёмғир сувларини оқизиш тармоқларни қуриш, электр энергияси, табиий газ, алоқа кабеллари ва бошқа коммуникация тизимларини Хива шаҳри тажрибаси асосида ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири