Алоҳида эътибор талаб этувчи болаларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш - долзарб
Тошкент шаҳридаги “Ренессанс” кино уйида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “Ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болаларни спорт, таълим ва жамиятга интеграция қилиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур тадбир жамиятда инклюзив муҳитни ривожлантириш, алоҳида эътибор талаб этувчи болаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Тадбир доирасида соҳанинг етакчи мутахассислари, педагоглар ва ижтимоий ходимлар томонидан долзарб мавзуларда тақдимотлар ўтказилиб, амалий тажриба ва илғор ёндашувлар муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида ижтимоий соҳа вакиллари, махсус мактаб-интернат ўқитувчилари, мутахассислар ҳамда аутизм спектридаги болаларнинг ота-оналари фаол иштирок этиб, ўзаро фикр алмашди.
[gallery-28517]
Суҳбат давомида болаларни таълим жараёнига жалб қилиш, уларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш, спорт орқали реабилитация имкониятларини кенгайтириш ҳамда ота-оналарни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, аутизмга эга болаларнинг жамиятга интеграциясида эрта диагностика, индивидуал таълим дастурлари ва ота-оналар билан тизимли ишлаш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, жамиятда бағрикенглик ва тушуниш муҳитини шакллантириш ҳам болаларнинг ривожланишида муҳим омил ҳисобланади.
Тадбир якунида аутизмга эга фарзандни тарбиялаётган онанинг матонати ва жасоратини акс эттирувчи “Парда” номли ҳужжатли фильмнинг премьераси намойиш этилди. Фильм иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, ижтимоий бирдамлик, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғояларини яна бир бор ёритиб берди.
Мазкур тадбир аутизм ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш, алоҳида эътибор талаб этувчи болаларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда инклюзив муҳитни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Шаҳноза Маматуропова,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА