Алломалар яратган, хонлар севиб чалган соз
Буюк мутафаккирлар заковати билан яралиб, хонларнинг хос мажлисларини безаган ғижжак ўзбек халқининг минг йиллик тарихини ўзида жамлаган ноёб мусиқий ёдгорликдир.
Шарқ мусиқа хазинасининг ажралмас гавҳари бўлган ғижжакнинг илк намуналари буюк мутафаккир Абу Наср Форобий томонидан яратилгани, кейинроқ Абу Али ибн Сино уни такомиллаштириб, инсон овозига энг яқин оҳангдорлик кашф этгани манбаларда қайд этилади. “Ғиж” товушига тақлид сўзидан келиб чиққан бу чолғунинг номиёқ унинг ўзига хослигидан далолат беради. Дастлаб қовоқ косасидан ясалган бу соз, вақт ўтиб тут ёки ёнғоқ ёғочидан ўйилиб, юзига тери қопланган мукаммал шаклга кирди. Унинг таъсирчан товуши ва қочиримларга бойлиги сабаб мумтоз ансамблларда доимо етакчи ўринни эгаллаб келган.
Ғижжакнинг мақоми ўрта асрларнинг буюк саройларидаги ўрни билан белгиланади. Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” (“Нафис мажлислар”) асарида ғижжакни билиш барча сарой созандалари учун мажбурий бўлганини ёзса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да бу соз ҳақида янада ёрқин тафсилотларни келтиради. У Қулмуҳаммад Удий ва Шайхий Ноий каби созандаларнинг ғижжакдаги маҳоратини, ҳатто уларнинг чолғунинг “мукаммаллиги” борасидаги баҳсларини ҳам тасвирлайди. Шайхий Ноийнинг Қулмуҳаммад чала олмаган куйни ғижжакда дарҳол ижро этиб, унинг имкониятларини намоён қилгани бу сознинг нақадар кенг қиррали эканини кўрсатади. Шунингдек, “Бобурнома”да ғижжак косасини ясаш учун “жавзийи ҳиндий” – ҳинд ёнғоғидан фойдаланилгани ҳақидаги маълумот унинг тузилиши тарихига оид ноёб далилдир.
Бу сознинг шон-шуҳрати кейинги даврларда ҳам сўнмади. XVI аср тарихчиси Зайниддин Восифий “Бадоъе ул-вақоеъ” (“Нодир воқеалар”) асарида устоз Саййидаҳмад Ғижжакийнинг шу қадар моҳир бўлганини, ҳатто “фалак унинг ғижжаги тоси учун қуёшнинг заррин жомини муносиб кўришини” ёзади. Хоразм саройларида эса мусиқага ихлосманд хонлар ғижжакка алоҳида эътибор қаратган. Муҳаммад Аминхон, Саид Муҳаммадхон каби ҳукмдорлар нафақат саройга созандаларни чорлаб, мусиқа кечалари уюштирган, балки ўзлари ҳам оила даврасида ғижжак чертиб, унинг навосидан баҳра олган. Шоир Табибий Муҳаммад Раҳимхон Феруз саройидаги мажлисларни тасвирлар экан, “Қўлига базм аро олгач муғанний ногиҳон ғижжак, Беруp овози хуш бирла улус жисмиға жон ғижжак”, дея унинг мафтунига айланган.
XX аср бошларига келиб, жадид маърифатпарвари Абдурауф Фитрат ўзининг “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” рисоласида ғижжакка холис баҳо бериб, унинг тузилишини батафсил тасвирлайди ва Ҳофиз Дарвеш Алининг “товушининг қулоққа ёқмаслиги” ҳақидаги фикрини эслатиб ўтади. Дарҳақиқат, намлик ва совуқда терисининг бўшашиши сабабли XIX аср охирларида унинг ўрнини вақтинча скрипка эгаллаган даврлар ҳам бўлди. Бироқ, ХХ аср ўрталарига келиб ғижжак қайта тикланди ва унинг нафақат асл нусхаси, балки ўзбек халқ чолғулари оркестрлари учун мўлжалланган ғижжак-прима, ғижжак-альт, ғижжак-бас ва ғижжак-контрабас каби турлари яратилди.
Шу тариқа, минг йилдан зиёд тарихга эга бу чолғу турли даврларнинг синовларидан ўтиб, ўз қиёфасини ва мақомини сақлаб қолди. Унинг бой тарихи негизида Андижон, Бухоро ва Хоразм каби ўзига хос ижрочилик мактаблари шаклланди. Бу мактаблар ғижжакнинг асрлар давомида тўпланган имкониятларини намоён этиб, унинг мусиқий меросдаги ўрнини янада мустаҳкамлади.
Хулоса қилиб айтганда, ғижжак Форобийнинг илмий изланишларидан тортиб, Бобурнинг тарихий битикларигача, хонларнинг мажлисларидан тортиб замонавий оркестр саҳналаригача бўлган узоқ йўлни босиб ўтган. У шонли ўтмиш ва бугунги кун ўртасидаги мусиқий кўприк, авлодлардан авлодларга ўтиб келаётган маданий мероснинг ёрқин тимсолларидан биридир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА