Алла – кўҳна ва навқирон қўшиқ
Алла – халқимизнинг миллий қадрияти сифатида момолардан маънавий мерос бўлиб келаётган кўҳна ва навқирон қўшиқ. У нафақат ухлатувчи куй, балки миллат тарбиясининг илк босқичи ҳамдир. Бу илоҳий қўшиқ орқали ота-она ва Ватанга меҳр-муҳаббат туйғулари, комиллик, инсонпарварлик, эзгулик каби инсоний фазилатлар гўдакнинг онгига жо бўлиб, умри мобайнида унга ҳамроҳ бўлади, охир-оқибат бола қалбида миллий ғурур ҳисси уйғонади. Алла боланинг хулқ-атвори ва маънавий тарбиясини шакллантиришга, таъбир жоиз бўлса, келажагини белгилашга хизмат қилади.
Алла нафақат гўдакни, балки катта ёшдаги инсонларни ҳам бирдек сеҳрлаб қўяди, юракдаги мудроқ хисларни, илиқ хотираларни уйғотиб, қалбларга ҳаяжон солади.
Сўнгги йилларда оилаларда алла айтиш удуми йўқолиб, унинг ўрнини YouTube, TikTok, Instagram каби платформалардаги ўзга миллатларга хос маънавий қийматсиз қўшиқлар эгаллаб бораётгани жамиятдаги кенг қамровли маданий, маънавий ҳамда ахлоқий ўзгаришлар билан боғлиқ жуда муҳим масаладир.
Бу ҳолат фарзанд тарбиясига жиддий хавф туғдиради. Жумладан, болада қуйидаги ҳолатлар кузатилади:
• Миллий онгнинг сусайиши – ўз она тилидаги иборалар маъносини англамайди, бошқа тилларнинг ноўрин таъсири ортиб боради;
• маънавий заифлик – бола миллий куйнинг руҳини ҳис қила олмайди, унинг руҳиятига ўз она тилига меҳр, тилимизга хос мусиқий оҳанг эмас, балки хорижнинг айрим мантиқсиз мусиқаларига нисбатан муҳаббат туйғулари сингади;
• руҳий беқарорлик – маъносиз, аҳамиятсиз мусиқалар таъсирида болада диққатни жамлай олмаслик, ҳатто агрессия ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин.
Миллат тарбиясидаги ана шу муҳим жиҳатларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида алла айтиш удумини тиклаш, замонавий алла қўшиқлари тўпламини яратиш ва оммалаштириш мақсадида “Алла – оналар қўшиғи” акциясини ташкил этишга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланган.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш, алла ва унинг атрофида шаклланган миллий қадриятларни сақлаб қолиш, ёш авлодни маънавий-ахлоқий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашда оналарнинг масъулиятини ошириш, шунингдек, ўзбек тили ҳамда миллий мусиқамизнинг бетакрор жозибасини алла орқали бола руҳиятига сингдириш, халқимизнинг фольклор санъатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишга қаратилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Алла – оналар қўшиғи” акцияси эълон қилинди. Акция доирасида миллий ва замонавий руҳдаги алла матнлари ҳамда қўшиқлари (видеолавҳа шаклида) танлови эълон қилинди. Акция иштирокчилари томонидан https://t.me/mt_allalar_tanlovi ботига жами 368 та ижодий ишлар келиб тушди.
Шулардан, 20 тасини MP3 форматдаги овозли аллалар, 133 тасини видеолар, 173 тасини алла матнлари ташкил этди. Ҳамкор ташкилотлар вакилларидан таркиб топган Ҳакамлар ҳайъати томонидан ижодий ишлар кўриб чиқилиб, ўнта номинация бўйича ғолиблар аниқланди.
Жорий йилнинг 27 ноябрь куни соат 15.00 да акция якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, “Сиёсатчи аёллар клуби” аъзолари, таниқли фольклоршунос олимлар, Маданиятшунослик ва номоддий-маданий мерос илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари, партия фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этишди. Акция доирасида ўнта номинация бўйича аниқланган ғолиблар партия томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар она алласининг миллий, маънавий ва тарбиявий аҳамияти, она ва бола ўртасидаги руҳий боғлиқликни мустаҳкамлаш ҳамда она тилидаги маданий меросимизни асрашдаги ўрни хусусида атрофлича фикр билдиришди. Шунингдек, ҳар бир оилада оналарнинг фарзандига алла айтиши удумини тиклаш, оилавий анъанага айлантириш ва оммалаштириш, ёш авлод келажаги билан боғлиқ буюк мақсадлар, катта-катта орзулар мужассам бўлган замонавий алла қўшиқларини яратиш, болалар психологиясига мос, миллийлик ва замонавийлик уйғунлигидаги янги аллалар ёзилган аудиолар яратиш ҳамда улардан юртимиздаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида кенг фойдаланиш, умумтаълим мактабларида ўтиладиган мусиқий дарсларда аллаларга алоҳида ўрин бериш лозимлигига оид бир қатор таклифлар билдирилди. Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилаётган ҳозирги даврда болалар учун ухлатувчи эмас, уйғотувчи аллалар ёзилиши керак, деган фикрлар илгари сурилди.
Танловга юборилган энг сара алла матнларини партия томонидан нашрга тайёрланаётган “Уйғотувчи аллалар” тўпламига киритиш режалаштирилди.
Феруза Жалилова,
партия Марказий кенгаши бўлими бошлиғи