Алишер Айматли: “Сўз ҳазрати олийлари”
Таниқли шоир, журналист Алишер Айматлининг “Сўз ҳазрати олийлари” номли янги китоби куни кеча нашрдан чиқди.
Маълумот учун: Алишер Айматли , бу – миллий журналистикамизда ўз услуби, овози, мухлисларига эга бўлган устоз журналист Эсиргап Болиевнинг айнан ўзи.
У 1957 йилда Қўшработ туманининг Аймат қишлоғида таваллуд топган. Касби – филолог.
Жиззах давлат педагогика институтида таҳсил олган.
“Сирдарё ҳақиқати” (Гулистон), “Дўстлик байроғи” (Навоий), “Зарафшон” (Самарқанд), “Совет Ўзбекистони” (ҳозирда “Ўзбекистон овози”), “Халқ сўзи” газеталарида фаолият юритган.
Бугун у дунёнинг уриб турган юраги – АҚШда яшайди.
“Орзулар мамлакати”да умргузаронлик қилади-ю қалби, фикри-ёди Қўшработида – Айматда.
Дунё пойтахтларининг пойтахти – Нью-Йоркнинг гавжум, жонга ҳузур бахш этувчи салқин гўшаларида туриб ҳам “Аймат” деб нафас олади.
Унинг олаётган ҳар бир нафаси – Аймат, ҳар бир нафаси – Ўзбекистон.
Оддий қишлоқдан адашиб пойтахтга келиб қолганда ҳам яқин инсонлар хотирадан кўтарилиши мумкин бўлган замонда Алишер ака жисман Беруний бобо кўп асрлар бурун тахмин қилган уммон ортидаги эртаклар мамлакатида қулайлик оғушида бўлса ҳам қалби Ўзбекистон билан, дўстлари, ватандошлари билан... Унинг ёзган, ёзаётган ҳар бир сатри, байти, шеърлари бунга далил.
Шу йиллар ичида Алишер Айматлининг “Юрак мезонлари”, “Арслон уяси”, “Кўнгил ҳикматлари”, “60” номли китоблари чоп этилди. Бугун қўлимизда унинг навбатдаги янги – “Сўз ҳазрати олийлари” китоби.
Муаллиф истиқлолнинг илк йиллари мамлакатнинг бош нашри бўлган “Халқ сўзи” газетаси, ушбу нашрда хизмат қилган ҳамкасблари, матбуот ва жамият ҳақида ўзи билган, кўрган ҳақиқатларни самимий, беғараз ифодалайди. Очиғи, у ҳеч кимни аямайди, жумладан ўзини ҳам. Унинг ўзингиз билган, ҳурмат қилган айрим устозлар ҳақида айтган “аччиқ” гапларини ҳам осонгина ҳазм қилиб кетаверасиз, боиси – унда заррача бўлсин, ғараз кўрмайсиз.
Китоб юзга яқин алоҳида-алоҳида хотиралардан иборат. Ҳар бири ўзига хос бир асар. Аммо улар бир-бирини, олдингиси кейингисини тўлдириб бораётганини ҳис қилиб турасиз, яъни яхлит бир дилномага ўхшайди. Муаллиф бир пайтлар меҳнат қилган жамоаси, унинг шаклланиши, ютуқ ва қусурлари, журналистлар феъл-атворини усталик билан тасвирлайдики, биз уларда биргина муаллиф ҳамкасблари – дўстлари ва “Хал сўзи” жамоасинигина эмас, мустақилликнинг дастлабки йилларидаги миллий матбуотимиз қиёфасини ўзига хос бир қирраларини ҳам кўрамиз.
Китобга “Кириш сўзи” ёзган таниқли адиб, филология фанлари доктори, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад Алишер Айматлининг баён услуби ниҳоятда дилга яқинлигига алоҳида эътибор қаратади: “Услуби ёқимли, ширали, мутойиба туйғуси ниҳоятда нозик... Қуйма иборалар, теша тегмаган ўхшатишлар, ҳикматга айланишга тайёр жумлалар Алишер Айматлининг диди ғоятда нозиклигидан, сара бадиият соҳиби эканидан далолат беради” дея эътироф этади.
Устоз Алишер Айматлининг “Сўз ҳазрати олийлари” китобини, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА