Александра Ясакова: “Мен ўзбекистонликман”
Рус миллатига мансуб Александра Ясакова тақдир тақозоси билан Оренбургдан Ўзбекистонга кўчиб келганида 4 ёшда бўлган.
– 96 йил умрим шу заминда ўтди, – дейди Бухоро шаҳридаги А.Сомий кўчаси 9-хонада яшовчи, бугун ўзининг 100 ёшини қарши олаётган онахон Александра Ясакова. – Мен ўзбекистонликман. Болалигим уруш йилларига тўғри келган. Ўзбекистонга кўчиб келган вақтимизни унчалик яхши эслолмайман. Бироқ ота-онамнинг ҳикояларидан биламанки, ўзбеклар бизни қучоқ очиб кутиб олган. Оиламиз уй жой билан таъминланган. Бу ерда оч қолган ёки хўрланган пайтларимизни эслолмайман.

2017 йилда яккаю ёлғиз ўғли вафот этгач онахон ёлғиз қолиб кетди. Аммо қўни-қўшнилар, маҳалла куй ўзининг севимли баба Шурасини асло ёлғизлатиб қўйгани йўқ.
– Уйим ҳамиша қўшнилар билан гавжум, – дейди Александра Ясакова. –Бугун кўздан қолган бўлсам ҳам ҳамма менга бирдек ғамхўрлик кўрсатади. Мен ўзимни асло ёлғиз ҳис қилмайман.

Бугун Александра Алексеевнанинг 100 ёшни қарши олган туғилган кунида вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Мажидов бошчилигида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги, вилоятда фаолият олиб бораётган ноисломий ташкилот, миллий маданий марказ вакиллари, қўшнилар, маҳалла ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти бўлими ходимлари онахонни қутлаш учун келди. Унга кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва керакли воситалар берилди. Шунингдек, хонадонини таъмирлаш учун масъуллар белгиланди.
Юртимизда турли миллат вакилларидан иборат кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар, якка ёлғиз кекса авлод вакиллари, фахрийларга онахонга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ёрқин мисол бўла олади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА