Қалб ва қалам билан 90 йил
Мана шундай олижаноб касб эгалари қаторида Ички ишлар вазирлиги Бирлашган таҳририяти ходимлари ҳам борлигидан ниҳоятда фахрланамиз.
Мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни янада жадаллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуотнинг ўрни беқиёс.
Президентимиз таъбири билан айтганда, жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш борасида ва жараёнларга фуқаролар кўнглида дахлдорлик, келажак учун масъулият ҳиссини тарбиялашда оммавий ахборот воситалари ходимларининг фидокорона меҳнат қилишаётганини халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.
Бу соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари, истеъдод ва маҳорати билан мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқимиз ҳаётига, унинг қувонч ва ташвишларига тобора яқин бўлиб, Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфасини шакллантиришда ғоят муҳим роль ўйнамоқда.
Мана шундай олижаноб касб эгалари қаторида Ички ишлар вазирлиги Бирлашган таҳририяти ходимлари ҳам борлигидан ниҳоятда фахрланамиз. Ижодий жамоамизнинг саъй-ҳаракати билан “Postda-На посту” газетаси ва “Қалқон-Щит” журнали давр билан ҳамнафасликда юксак мақсадлар сари одимламоқда.
Шу билан бирга, Postda.uz веб-сайти ва телеграм канали ҳам мунтазам фаолият юритиб, интернет орқали ички ишлар органларининг ижобий имижини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Матбуотга жамият кўзгуси, деб таъриф бериш, дастлаб газета ва журналлар чоп этила бошлагандан буён анъанага айланган, десак, тўғри бўлар. Чунки газета ва журналлар ўз даврида жамиятдаги воқеа-ҳодисалар ва янгиликлардан одамларни хабардор қилиб борган. Қолаверса, матбуот, хусусан, газеталарнинг жамиятдаги ўрнини бошқа воситалар билан алмаштириб ҳам, тенглаштириб ҳам бўлмайди.
90 йил. Ҳа, айтишга осон вақт. Бир инсоннинг мукаррам ёши. Бугун Ички ишлар вазирлигининг нашрлари – “Postda” ва “На посту” газеталари отахон ёшни қаршилаб, тарихнинг тенгсиз саҳифаларидан муносиб жой олмоқда...
1930 йил 12 май. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар халқ комиссарлигида мустақил нашр чоп этишга рухсат этилиб, “Postda” ва “На посту” газеталари дунё юзини кўради.
Ушбу нашрлар саҳифаларида мамлакатда эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини асраш учун олиб борилаётган ишларни ёритиш, шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг маънавиятини юксалтириш, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириб бориш, жиноятларни фош этиш, айбдорларни қўлга олишда милиция ходимларининг фидокорона хизматини кўрсатиш, Ички ишлар халқ комиссарлиги томонидан чиқарилган қарор ва буйруқларнинг бажарилиши каби мавзулар кенг ўрин олганди.
Газеталаримизнинг илк муҳаррирларидан бири Алексей Львович Карасик даврида “Постда” ва “На посту” газеталарининг якшанба сони ҳам чиқа бошлаган. Газеталарнинг аҳоли ўртасида оммалашиб ва машҳур бўлиб кетганлигини якшанба сонларининг тиражи 415 минг нусхага етганидан ҳам билса бўлади.
Истиқлол арафасида, аниқроғи, тўқсонинчи йилларнинг бошларида иттифоқдош республикалар бирин-кетин мустақилликни қўлга кирита бошлаган бир даврда, матбуотда ҳам эркинликлар бўй кўрсатди. Ана шундай ўзгаришлар рўй бераётган бир паллада республикада янги нашрлар пайдо бўлди. Вақтинчалик тўхтатилганидан муштарийлар илҳақ бўлиб кутаётган “Постда” ва “На посту” газеталари ниҳоят яна муштарийлар қўлига етиб боришида ташаббускор ва қатъиятли бош муҳаррир Зокир Атаевнинг ҳиссаси катта бўлди.
Истиқлол йилларида нашрлар сони ошди. Муштарийлар “Постда”, “На посту” газеталари қаторида “Қалқон” ва “Щит” журналларини ҳам севиб ўқийдиган бўлишди. Ижодий жамоага янги ижодкорлар қўшилди. Жамоа номи “Бирлашган таҳририят” деб юритиладиган бўлди. Нашрларда ўқувчиларга манзур бўладиган янги рукнлар, қизиқарли детектив қиссалар, мароқли мақолалар чоп этилиши муштарийлар сонининг ошишига олиб келди.
Бундан кейин ҳам бир қанча бош муҳаррирлар газета ва журналларимиз савиясини ошириш, ички ишлар органлари ходимларининг маънавиятини юксалтириш йўлида собитқадамлик билан фаолият юритишди. Истеъдодли журналистлар нашрларимизда самарали ижод қилишди.
Шундан буён қанча сувлар оқиб ўтди. Аммо биз бугун қандай шиддат билан ўзгараётган ва ривож топаётган, илгари учрамаган, ечими ўта оғир ва мураккаб бўлган турли-турли муаммоларни туғдираётган ХХI асрда яшаётганимизни асло эсимиздан чиқармаслигимизни лозим.
Авваламбор, глобаллашув жараёнлари тобора тезлашиб, дунёнинг бир чеккасида юз берган воқеа-ҳодисалар унинг иккинчи бир четида зудлик билан акс-садо бераётган бир пайтда, бу ҳолатнинг ўзи барчамиздан замонавий билим, интеллектуал салоҳиятга эга бўлишни, ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий тилларни мукаммал эгаллашни, бир сўз билан айтганда, профессионал малакамизни ошириш учун ўз устимизда мунтазам ишлашни талаб қилаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Ана шундай кўпқиррали ва мураккаб шароитда бугунги журналист, бугунги матбуотчи бу ҳақиқатни чуқур англаган тақдирдагина самарали фаолият кўрсата олиши мумкинлиги ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ.
Нафсиламрини айтганда, биз замон билан ҳамнафасмиз. Кўп сонли ўқувчиларимиз талаби ва таклифини бажонидил ҳурмат қилган ҳолда, нашрларимизнинг янада қизиқарли, ўқишли бўлиши йўлида ҳормай-толмай ижод қилаверамиз. Зеро, бу – янги Ўзбекистон янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда жуда муҳимдир.
Қутлуғ сана, улуғ айём муборак, қадрли ҳамкасблар!
Бернора Садикова,
ИИВ Бирлашган таҳририяти
бош муҳаррири, полковник.