АКТ ҳафталигини ўтказишдан кўзланган мақсад нима?
Ҳафталик доирасида маҳаллий компаниялар иштироки ошишининг сабаби нимада? Мазкур ҳафталик хотин-қизларга қандай имкониятлар беради?
Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “ICT WEEK UZBEKISTAN-2024” Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги олдидан ОАВ ходимлари учун АОКАда бўлиб ўтган тадбирда шу каби саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.

Таъкидландики, бу йилги ҳафталикда 50 давлатдан 200 нафардан ортиқ компания иштирок этиши назарда тутилган.
2004 йилдан бери ўтказиб келинаётган ушбу тадбирнинг йилдан-йилга формати кенгайиб, дастури бойитиб борилмоқда. Ўтган йили ҳафталик доирасида кўргазмалар 5 минг квадрат метр жойга қилинган бўлса, бу йил 10 минг квадратдан ошди.

– Бу йилги АКТ ҳафталигидан кўзлаётган асосий мақсадимиз кўпроқ чет эллик компанияларни маҳаллий компанияларга боғлаш, шу орқали Ўзбекистонга инвестицияларни жалб қилиш, ёшлар ҳамда бизнес вакилларимизга кўпроқ имкониятларни очиб беришдан иборат, – дейди рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов. – Маҳаллий компаниялар иштироки ошишига сабаб қилиб Ўзбекистонда IT соҳаси инфраструктура нуқтаи назаридан ҳам, экспорт имкониятларимиз нуқтаи назаридан ҳам ютуқларимизнинг ошиб бораётганини кўрсатишимиз мумкин.

Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова бу каби ҳафталик АКТ соҳасида фаолият юритишни истовчи хотин-қизлар учун янада кўпроқ имкониятлар эшигини очишини таъкидлаб ўтди.
Жорий йилнинг 17-20 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган мазкур ҳафталик стартаплар, аутсоурcинг ва инвестиция учун энг йирик майдон, венчур дастурлар, БПО, электрон тижорат, сунъий интеллект, IT ечим провайдерлари, рақамлаштириш ва давлат хизматлари, давлат-хусусий шериклик, АКТ соҳасида бизнес ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби мавзуларда 20 га яқин йирик форум ва саммитларни ўз ичига олади.
Н.Раҳмонова, ЎзА