Академик билан дилдан суҳбат
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Жаҳон физиологлар жамияти академиги, Рим университети фахрий профессори, Россия Фанлар академиясининг И.Павлов номидаги олтин медали соҳиби, бир неча илмий жамиятларнинг аъзоси, биология фанлари доктори, Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Физиология илмий-тадқиқот маркази директори, академик Бакриддин Зарипов билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда университетнинг Биология факультетида таҳсил олаётган талабалар, магистрантлар, таянч докторантлар, докторантлар, ёш олимлар ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди.
Учрашувда нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёга машҳур олим, академик Б.Зарипов сўзга чиқиб, юртимизда ёшларнинг билимли бўлиши, илм-фан билан шуғулланиши ва хориждаги олий ўқув юртларида ўқиши учун яратилган имкониятларга кенг тўхталди. Шунингдек, ёшларга ўзининг ҳаёт ва меҳнат йўли ҳақида, тайёрлаган шогирдлари ва бугунги кундаги фаолияти ҳақида маълумот берди.

Шарқ файласуфи Конфуций таъкидлаганидек, билимсизлик инсоният учун энг қоронғи тундир. Негаки, илм инсониятни юксакликка кўтарса, билимсизлик уни фақат тубанлик, жарлик сари етаклайди.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳадаги долзарб масалалар ҳал этилиб, илмий-тадқиқот фаолияти қўллаб-қувватланмоқда. Янги илмий муассасалар ва йўналишлар ташкил этилиши шулар жумласидан. Таъкидлаш жоизки, академик Б.Зарипов АҚШ, Италия, Россия ва бошқа давлатларнинг олий ўқув юртларида соҳаси бўйича дарс берган.

Учрашув давомида профессор-ўқитувчилар, таянч докторантлар ва талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Келгусида академик магистрларни, изланувчиларни тегишли магистрлик, докторлик (PhD, DSc) илмий тадқиқот ишларини ўзаро ҳамкорликда олиб бориши бўйича ҳам келишиб олди.
Тадбир якунида академик ўз муаллифлигида нашр этилган монография ва китоблар тўпламини университетнинг Ахборот ресурс марказига топширди. Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашув барчада катта таассурот қолдирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.