Аҳолининг мурожаатлари доимий эътиборда
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида аҳолини қийнаб келаётган долзарб ва муаммоли масалаларни қисқа муддатларда ҳал этиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда фуқаролар билан бевосита мулоқотни кучайтириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири саналади.
Қабул давомида Мажбурий ижро бюроси Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи Баҳром Тоштемиров томонидан 40 нафарга яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг уй-жой, қарздорлик ва алимент ундириш, шунингдек, ижро иши юритувига оид бошқа масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди.

Сайёр қабулда ҳар бир мурожаат юзасидан атрофлича ўрганиш ишларини олиб бориш бўйича масъул ходимларга аниқ топшириқлар берилди. Қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилиши лозим бўлган мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб, уларнинг ижроси таъминланиши белгиланди.
– Автомашинам тақиқ сабабли жарима майдонида эди, – дейди Навоий шаҳрида яшовчи фуқаро Самар Исматов. – Сайёр қабулда иштирок этиб, автомашинамни жарима майдонидан чиқаришга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Раҳбар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Сабаблари суриштирилди ва ходимларга амалий ёрдам бериш бўйича топшириқ берилди. Мурожаатим эътиборсиз қолдирилмаганидан хурсандман.
Мажбурий ижро бюроси томонидан жойларда сайёр қабулларни мунтазам ташкил этиш, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва жойида ҳал этишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири