Аҳоли саломатлиги доимий эътиборда
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан ҳудудда истиқомат қилувчи 212 минг нафардан зиёд аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда тиббиёт бирлашмаси тасарруфида марказий шифохона, кўп тармоқли марказий поликлиника, 9 та оилавий поликлиника, 4 та оилавий шифокорлик пункти ҳамда 11 та маҳалла тиббиёт пункти фаолият юритмоқда.
Мазкур тиббиёт муассасаларида 300 нафардан зиёд шифокор ва 1 минг 380 нафарга яқин ўрта тиббиёт ходими аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий диагностика ва даволаш ускуналари, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, соҳага замонавий ахборот технологиялари жорий этилиб, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда.
[gallery-32328]
Бу борадаги ишлар касалликларни эрта аниқлаш, ташхис қўйиш ва даволаш имкониятларини кенгайтириш, аҳолига қулай шароитларда малакали тиббий ёрдам кўрсатишга хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА