Аҳоли мурожаатлари эшитилди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида ташкил этилди. Унда аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, мурожаатларга жойида ечим топиш ҳамда фуқаролар билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева, Сардоба тумани ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Зиёдулла Каримов, партиянинг Сардоба туман Кенгаши раиси Алишер Эгамбердиев ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

Сайёр қабул давомида фуқаролардан жами 162 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксарияти таълим, соғлиқни сақлаш, кадастр, ичимлик суви таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалаларга оид бўлди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, қонунчилик доирасида кўриб чиқилди.
Қувонарлиси, мурожаатларнинг 57 тасига қабул жараёнининг ўзида амалий ечим топилди. Қолган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли топшириқлар берилиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгилаб олинди.

Сайёр қабул нафақат мурожаатларни қабул қилиш, балки ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир муҳим таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилиш майдонига ҳам айланди.

Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, меҳнат бозори учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, олий таълим муассасаларини битирган ёш мутахассисларни ҳудудга жалб этиш ҳамда улар учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— Бугун одамларнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларига бефарқ бўлмаслик ҳар бир раҳбар ва масъулнинг энг муҳим вазифасидир. Сайёр қабуллар орқали фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиб, уларни қийнаётган масалаларга жойида ечим топишга ҳаракат қилмоқдамиз. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оиланинг орзу-умиди мужассам. Биз учун энг катта натижа мурожаатлар сони эмас, балки ҳал этилган муаммолар ва одамларнинг розилигидир. Халқнинг ишончи ва розилиги доимий мулоқот, амалий ишлар ва аниқ натижалар орқали таъминланади. Уйлайманки, бугун биз халқ билан, уларнинг дарди ва ташвишлари билан бирга эканимизни яна бир бор амалда намоён этдик. Халқ билан бирга бўлиш — бу шунчаки шиор эмас, балки инсон тақдири учун масъулиятни ҳис қилиш демакдир. Биз халқнинг орзу-умидлари ва ишончини оқлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни изчил давом эттирамиз, — деди Шоҳиста Бозорбоева.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири