Аҳоли мурожаатлари депутатлар эътиборида бўлди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари ва фракция фаолиятига оид масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, фракция аъзоларининг ҳудудларда олиб борган ўрганишлари якунлари кўриб чиқилди.
Ўтган ҳафта давомида депутатлар ўз сайлов округларида, ҳудудларда бўлиб, сайловчилар билан самимий мулоқот қилди, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Аҳоли қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлардан хабардор қилиниб, бу борадаги янги таклиф-ташаббуслари ўрганилди. Ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Қайд этилганидек, ўрганишлар давомида партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, тарихий обидаларнинг бугунги ҳолати, таризм ривожи масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, мактабларда маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш мақсадида жорий қилинган “Тарбия” фанининг ўқитилиш жараёнлари билан танишилди.
Қайд этилдики, фракция аъзолари округлардаги фаолияти давомида жами 318 та объектда бўлди. Аҳоли иштирокида 318 та учрашув ўтказилди. 200 нафардан ортиқ тадбиркор билан бевосита мулоқотлар ташкил этилди.
Учрашув ва мулоқотларда аҳоли вакиллари томонидан кўтарилган бир қатор муаммо ва масалалар юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Айрим масалалар жойида ҳал қилинган бўлса, айримлари юзасидан келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳокамаларда бу борадаги ишларни янада фаоллаштириш, аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш кун тартибидаги қатор қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА