Агровольтаика лойиҳаси: 500 кВт қувватли қуёш электр станцияси қурилиши бошланди
Юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни кенг жорий этиш бўйича ишлар изчил давом этмоқда. Бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар энергия самарадорлигини ошириш билан бирга, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишга ҳам хизмат қилади.
Ана шундай истиқболли ташаббуслардан бири сифатида Тошкент вилоятида агровольтаика лойиҳаси доирасида қуввати 500 кВт бўлган қуёш электр станцияси қурилиши бошланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Энергетика вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Франциянинг “Voltalia” компанияси масъуллари иштирок этди.
Унда агровольтаика технологияларини ривожлантириш, лойиҳани амалга ошириш босқичлари ва унинг истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, агровольтаика бир ҳудуднинг ўзида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ҳам қуёш энергияси ишлаб чиқаришни уйғунлаштирувчи инновацион ечим ҳисобланади. Бундай тизим ер майдонларидан самарали фойдаланиш, экинларни кучли қуёш нурларидан ҳимоя қилиш ҳамда қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш имконини беради. Бу эса келажакда барқарор қишлоқ хўжалиги ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Франциянинг “Voltalia” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур пилот лойиҳа доирасида қуёш панеллари ўрнатилиб, экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шу орқали энергия ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини бир майдоннинг ўзида самарали ташкил этиш имконияти яратилади.
Тадбир давомида лойиҳани амалга оширишнинг асосий босқичлари, уни республика ҳудудларида кенгайтириш имкониятлари ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди. Мутахассислар мазкур ташаббус энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши, шунингдек, “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, тадбирда иштирокчилар қурилиш майдонида қуёш панелларини ўрнатиш ишларининг бошланишига рамзий старт бериб, ҳудудда манзарали дарахтлар экиш тадбирида ҳам қатнашди. Бу эса лойиҳанинг нафақат иқтисодий, балки экологик аҳамиятга ҳам эга эканини ҳам яна бир бор намоён этди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА