Агротехник тадбирлар: мўл ҳосил гарови
Шу кунларда барча ҳудудлардаги ғалла майдонларида агротехник тадбирлар олиб борилмоқда.
Навоий вилояти Хатирчи туманида 2022 йил ғалла ҳосили учун жами 11 228 гектарга, шундан 2060 гектар очиқ майдонларга, 9168 гектар ғўза қатор ораларига бошоқли дон экилган. Экилган майдонларнинг 1050,8 гектари уруғлик буғдой ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекциясининг туман бўлими томонидан ғалла майдонларида белгиланган агротехник тадбирларни ўтказишда ривождан орқада қолган майдонларни қолоқликдан чиқариш асосий мақсад қилиб олинган. Қолоқ ҳисобланган фермер хўжаликларида куз-қиш мавсумида амалга оширилаётган агротехник тадбирларнинг бажарилиши Инспекция назоратига олинган.
– Ўрганишлар давомида экиб парвариш қилинаётган 11 228 гектар майдоннинг 92 гектари ривождан орқада, қолоқ эканлиги аниқланди, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими катта инспектори Алишер Ашуров. – Бугунги кунда қолоқ деб топилган майдонларда озиқлантириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ҳар бир гектар ҳисобига 100 килограммдан азотли ўғитлар билан озиқлантириш, 5 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш, сув кириш қулоқлари бошидан уч гектар майдон ҳисобига бир дона шарбат ҳандақлар қазиш, суспензия сепиш, зараркунанда ва касалликларга қарши биостимуляторлар билан ишлаш, суғоришни фақат шарбат усулида амалга ошириш белгилаб берилган.
Олиб борилган назорат тадбирларида “Темур Улуғбек”, “Шоҳжаҳон Ҳолбой пахтакор”, “Фарход Арабов”, “Олим бозор” ҳамда “Нурқувват порлоғи” фермер хўжаликлари раҳбарларига ғалла майдонларида агротехник тадбирларини ўз вақтида ҳамда сифатли қилиб бажарилиши юзасидан тегишли тартибда кўрсатмалар берилди.
А.Бўриев, ЎзА