Аграр соҳа ходимлари референдумда фаол иштирок этади
Тошкент давлат аграр университетида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг мазмун ва моҳиятини тушунтиришга бағишланган тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилди.
Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги идора ва ташкилот масъуллари, университетнинг профессор-ўқитувчилари ва ҳудудий бошқармаларнинг ишчи ходимлари ЗООМ платформаси орқали иштирок этди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Аъзамжон Тўлабоевнинг маърузаси тингланди. Маърузада Конституциявий ислоҳотлар билан боғлиқ муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар хусусида маълумот бериб ўтилди.

Тадбирда Конституцияда ёшлар ва таълим, гендер тенглик, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, эркин ахборот олиш, ижтимоий ҳимоя ва экологик ҳуқуқларни, суд тизимлари эркинлиги ва мустақиллигини таъминлаш, Парламент ваколатларини янада кучайтириш борасидаги янги ўзгаришлар алоҳида қайд этилди.

– Жорий йилнинг 30 апрель санасида Конституциямизга киритилган ўзгартишлар муносабати билан Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш белгиланди, – дейди Тошкент давлат аграр университетининг Ўрмон хўжалиги ва ландшафт дизайни факультети талабаси Нурсултон Неъматов. – Университетнинг барча ёш талабалари референдумда фаол иштирок этиш истагини билдирган. Янгиланаётган Конституциямиз қабул қилингандан сўнг, бу Конституция орқали етук марраларга эришишимизга ишонамиз.
Дарҳақиқат, халқимизнинг, эксперт ва мутахассисларнинг таклифлари, халқаро ва хорижий давлатларнинг тажрибаси инобатга олинган ҳолда тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳаси халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА