Афруза Ҳамдамова — Осиё чемпионати совриндори
Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муносиб натижаларни қайд этди.
Кеча ўтказилган сўнгги 9-тур баҳсида Афруза Ҳамдамова оқ доналарда хитойлик Музиян Гаони мағлуб этди. Оқ доналарда ҳаракатланган Нилуфархон Имомқўзиева россиялик, Гулруҳбегим Тоҳиржонова мўғулистонлик рақиблари билан муроса йўлини танлади. Қора доналарда муносиб баҳс олиб борган Гулдона Каримова мўғулистонлик шахматчи қиздан устунликка эришди. Асал Салимова эса охирги турда ютқазиб қўйди.

Чемпионатнинг очиқ мусобақаларида иштирок этган терма жамоамиз аъзоларидан А.Абдусалимов 9-турда оқ доналарда хитойлик Хиангюу Хи билан муроса йўлини танлаган бўлса, Саидакбар Саидалиев япониялик шахматчини таслим қилди. Ортиқ Ниғматов эса қора доналарда Мўғулистон вакилига ютқазиб қўйди.

Чемпионатда Афруза Ҳамдамова 7,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 2-ўринни эгаллади. Аёллар гуруҳида Ҳамдамова сингари 7,5 очко тўплаган ҳиндистонлик Савитха Шри Осиё чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди. У охирги турда қора доналарда россиялик Анна Шухманни тор-мор этди.
Шахматчи қизларимиздан Нилуфархон Имомқўзиева ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова 6 очко жамғариб, 102 нафар иштирокчи орасида 9-11-ўринларни, Гулдона Каримова 5,5 очко билан 27-поғонани, Асал Салимова ва Мадинабону Халилова 4 очко билан 67-69-қаторларни банд қилди.

Мусобақанинг эркаклар гуруҳида ғолиблик шоҳсупасига 7,5 очкога эга хитойлик Хиангруи Конг кўтарилган вазиятда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Абдумалик Абдусалимов 143 нафар қатнашчи орасида 6 очко билан 11, Саидакбар Саидалиев 5,5 очко билан 29, Ортиқ Ниғматов 5 очко билан 43-ўринлардан жой олди.
Ўйинлар жараёнида руҳий мувозанатда барқарорликни сақлай олмагани туфайли Абдусалимов кучли бешликдаги ўрнини сақлаб қола олмади. Афруза эса 3 турдаги дуранг ҳамда 8-турдаги очко йўқотишлар туфайли нақд бўлган чемпионликни ҳинд шахматчисига туҳфа қилди.
Нима бўлганда ҳам чемпионат шахматчиларимизнинг маҳорати анча ўсганини кўрсатиш билан бирга, келгуси катта мусобақаларга, хусусан 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳамда жаҳон чемпионатларига тайёргарлик вазифасини ўтагани билан катта аҳамият касб этди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА