Афғонистонлик меҳмонлар Бухорода
Афғонистон Бош вазирининг маъмурий ишлар бўйича ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий бошчилигидаги делегация кўҳна Бухорода бўлди.
Меҳмонларни Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов “Бухоро” темир йўл вокзалида кутиб олди.

Делегация аъзолари боқий шаҳарнинг тарихий-маданий ёдгорликлари, хусусан, қадимий Лаби Ховуз ансамбли, қадимий тоқлар, Пойи Калон мажмуаси, Арк қўрғони, Сомонийлар мақбараси, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини ҳайрат ва ҳавас билан томоша қилди. Шунингдек, ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналаридаги қизғин иш жараёнига гувоҳ бўлди.


Абдул Салом Ҳанафий Бухородаги маданий мерос объектлари асл ҳолида сақланганлиги, Бухоро айнан бой тарихи, бетакрор маданияти билан жаҳон цивилизациясига катта ҳисса қўшганлигини эътироф этди. Шу билан бирга Бухоро халқининг меҳнатсевар, ижодкор ва меҳмондўстлиги ҳар қадамда сезилиб туришини, бу ерда туризм ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта имкониятлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.