Афғонистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорлик кенгаяди
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Афғонистон Ишбилармонлар кенгаши аъзолари ҳамда афғонистонлик йирик тадбиркор Саид Муҳаммад Карим Ҳошимий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш масалалари батафсил муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик нафақат савдо соҳасида, балки транспорт-логистика, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, қурилиш ва фармацевтика йўналишларида ҳам изчил ривожланиб бормоқда.

Даставвал меҳмонларга 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 1,68 миллиард долларини ташкил этгани, шундан 1,53 миллиард доллари экспорт, 144 миллион доллари эса импорт ҳиссасига тўғри келгани маълум қилинди. Шунингдек, мазкур кўрсаткичларни ўтган йилга нисбатан қарийб 50 фоизга ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олингани алоҳида таъкидланди.

Музокаралар давомида Афғонистонда фаолият юритаётган йирик бизнес тузилмалари, жумладан, “Sayyed Karim Group of Companies” таркибига кирувчи саноат, логистика ва энергетика лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Ушбу гуруҳ томонидан нефт-газ, тоғ-кон саноати, транспорт-логистика ҳамда ишлаб чиқариш соҳаларида қатор ташаббуслар илгари сурилди. Томонлар тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, логистика занжирларини ривожлантириш ва савдо ҳажмини янада ошириш юзасидан келишувларга эришиш зарурлигини таъкидлади.
Учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудлараро иқтисодий интеграцияни кучайтириш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди. Ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент вилояти делегацияси Афғонистонга таклиф қилинди.
А. Мусаев, ЎзА.