Афғонистон Покистон билан чегарани қўриқлаш учун йирик бўлинма ташкил қилди
Афғонистон ҳукумати етакчиси Ҳайбатилло Охунзода Покистон билан чегарада хавфсизликни кузатиш ва таъминлаш учун тахминан 8000 кишидан иборат махсус бўлинма тузишни буюрди. Бу ҳақда “Afghanistan International” нашри манбаларга таяниб хабар тарқатди.
Таъкидланишича, бевосита Охунзодага бўйсунадиган “Ҳибати” номли бу гуруҳ хавфсизлик вазирлиги таркибига кирмайди. Қолаверса, бошқа ҳарбий кучларга қараганда кўп маош олади, муайян имтиёзга эга бўлади.
Ҳозирча Қандаҳорда 4000 жангчи жойлашди, яна шунча аскар ва зобит Кобулда машғулот ўтказяпти. Бўлинма зиммасига чегарани қўриқлаш, ноқонуний савдо-сотиқ ва борди-келдига қарши курашиш, шунингдек разведка амалиёти ва гумондорларни кузатиш вазифаси юкланган.
Таҳлилчилар фикрича, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик кучайиши билан боғлиқ мазкур қарор Дуранд чизиғи бўйлаб чегара амалиёти ва турли ҳодисалар бўйича назоратни марказлаштиришга уринишни ифодалайди.
Икки қўшни мамлакатнинг халқаро миқёсда тан олинган, аммо баҳсли чегараси ҳисобланадиган “Дуранд чизиғи” 1893 йил Британия мустамлакачи маъмури Морис Дуранд томонидан чизилган.
С.Раҳимов, ЎзА