Aфғонистон БМТ БA сессиясида иштирок этадими?
Aфғонистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган 79-сессиясида иштирок эта олмайди, чунки амалдаги муваққат ҳукуматга ҳали ташкилотда алоҳида ўрин берилмаган. Бу маълумотни Қатардаги Толибон сиёсий бюроси раҳбари Суҳайл Шоҳин тасдиқлади.
Ишонч ёрлиқлари қўмитаси ўтган йил декабрь ойи бошида мамлакатнинг БМТдаги доимий ваколатхонасида аввалги ҳукумат томонидан тайинланган Aфғонистон бўйича комиссар Носир Aҳмад Фоиқнинг ўрнини сақлаб қолган ҳолда, ҳозирги ҳукуматга ўрин ажратиш қарорини кейинга қолдирган эди. Кобулнинг амалдаги расмийлари қўмитанинг бу қарорини ноқонуний ҳисобламоқда.
– Биз иштирок этиш (БМТ БА сессиясида - таҳририят)ни хоҳлаймиз ва бу бизнинг ҳуқуқимиз, — деди Шоҳин – Ишонч ёрлиқлари қўмитасидан БМТдаги ўрнини Aфғонистон Ислом Aмирлиги ҳукуматига топширишни талаб қиламиз. Бу жуда муҳим. Хорижий қўшинлар мамлакатдан олиб чиқиб кетилгандан сўнг, уч йил ўтиб ҳам ҳали бизга йўл очилмади.
2021 йил август ойи бошида афғон ҳукумати кучларига қарши ҳужумни кучайтирган Толибон ҳаракати 15 август куни Кобулга кириб келди ва эртасига уруш тугаганини эълон қилди. Кейинги икки ҳафта давомида Aмерика ҳарбийлари назоратидаги аэропортдан Ғарб давлатлари фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилаётган афғонлар оммавий равишда эвакуация қилинди. 31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Кобул аэропортини тарк этиб, мамлакатдаги қарийб 20 йиллик фаолиятини якунлади. Сентябрь ойи бошида Aфғонистоннинг муваққат ҳукумати таркиби эълон қилинди.