“Афғон шамоли”ни тўсадиган “яшил белбоғ”га чанг солмоқчи бўлган шахс жазоланди
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 мартдаги “Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори жанубдаги воҳанинг “афғон шамоли” номи билан танилган кучли чанг бўронлари ва қум барханлари ҳосил қилишнинг таъсирини камайтириб, теварак-атроф мусаффолиги ва аҳоли саломатлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Инсон манфаатини улуғлаб, “афғон шамоли“ таъсиридан азият чекаётганларга муносиб шароит яратишга йўналтирилган қарор ижросини таъминлаш, шамол тезлигини камайтириб, экологик вазиятни барқарорлаштириш учун вилоятнинг Ангор, Жарқўрғон, Музработ, Қизириқ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳрида иҳота дарахтзорлари барпо этилмоқда. Жумладан, Ангор туманининг М39 халқаро магистраль автомобиль йўли бўйидаги 102 гектар ер майдонига 261 минг туп ва “Қорақир” даҳаси ҳудудидаги 108 гектар ер майдонига 270 минг туп, Термиз тумани “Каттақум” даҳасидаги 82 гектар ер майдонида 218 минг туп дарахт кўчатлари экилиб, ундириб олинди. Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 31 гектар ер майдонда 12,7 минг туп “элдор”, “қарағай” кўчатлари экилди.
Шамол тезлигини камайтириш ва тупроқни кўчишдан сақлаш учун яратилаётган махсус ҳимоя иҳота дарахтзорларида мониторинг тизими кучайтирилиб, экологик ўзгаришларни баҳолашда давлат космик мониторинги маълумотларидан фойдаланиш, эрозияга қарши курашиш учун ерларни қайта ишлашнинг замонавий ва тежамкор агротехник усулларини жорий этиш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Кўчатларни оби-ҳаёт билан таъминлаш имконияти бўлмаган ҳудудларда артезиан қудуқлар қазилиб, томчилатиб суғориш жорий этилмоқда.

Бироқ, йирик маблағ, бетиним меҳнат эвазига юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида яратилаётган “яшил белбоғ”ларга зарар етказишга уринаётган шахслар борлигини қандай изоҳлаш мумкин? Масалан, М39 халқаро магистраль автомобиль йўлининг Ангор тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида бўй кўрсатиб турган яшил кўчатлар Таллашқон маҳалласида яшовчи Хотамтой Каримов (исм-шариф ўзгартирилди) эътиборини тортиб қолди. Вилоятдаги ташкилот ва муассасалар шу йил баҳор фаслида экиб, ёзнинг чилласида ҳам меҳр билан парвариш қилган яшил бойликлар атрофида чорва молларини боқишга олиб чиқди. Натижада йўл бўйидаги кўчатларга шикаст етди.

Табиат жонкуярларининг саъй-ҳаракатлари билан бу ҳуқуқбузарлик тезда аниқланиб, ўзбошимча чорвадорга тегишли чора кўрилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисми билан 11 миллион сўм жарима тўлайдиган бўлди. Ҳотамтой Каримовга қўлланилган бу жазо эндиликда унинг маҳалладошларига ҳам сабоқ бўлса ажаб эмас.
Воҳада олимларнинг илмий хулосаси билан “афғон шамоли”ни тўсиш учун ҳудудларнинг аниқ режа ва мақсад асосида кўкаламзорлаштирилаётгани келажакда иқлимни юмшатадиган табиий тўсиқ, шамол ва чангдан ҳимоялайдиган “яшил қалқон” вазифасини ўтайди. Содда қилиб айтганда, шамол тезлигини тўсиб, аҳолини чанг бўронларидан ҳимоя қилади. Тупроқни кўчишдан сақлаб, шамол эрозиясининг олдини олади. Бундай эзгу ғоянинг аҳамиятини “яшил белбоғ”лар барпо этилаётган ҳудуддаги маҳаллалар аҳолиси ҳам тўғри ҳис этиб, иҳота дарахтзорларига шикаст етказиш эмас балки, яшил майдонларни янада кенгайтириш ва парваришлашга ўз ҳиссасини қўшса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири