Афғон фуқаролари Термизда касб ўрганмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида олти ойлик ўқув курсини тугатган 91 нафар битирувчига давлат таълим стандартлари асосидаги сертификатлар топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда вилоят Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Ш.Кичкилов, марказ раҳбари О. Рўзиев, Ташқи ишлар вазирлиги Сурхондарё вилоят бўлими бошлиғи Ф.Рамазонов, Афғонистоннинг Термиз шаҳридаги консуллиги вакили А. Раҳмоний, Европа Иттифоқининг лойиҳа координатори К. Юсупов ва бошқалар мамлакатимизда афғон фуқароларининг таълим олиб, касб эгаллаши учун яратилган шароитлар ҳақида сўз юритди.


Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида яратилган шароитлар ва айни пайтда бу ерда амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.
БМТнинг Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигида “Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва касбий тайёрлаш бўйича Сурхондарё вилоятининг салоҳиятини ошириш” лойиҳаси ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида ажратилган 2 миллион евро миқдоридаги маблағ эвазига 2022-2025 йилларда 600 нафар афғон фуқаросини профессионал таълим ва қисқа муддатли курсларда ўқитиш режалаштирилган. Шунга асосан 2022-2023 ўқув йилида 200 нафар Афғонистон фуқароси ўқишга қабул қилиниб, уларга давлат таълим стандартлари асосидаги диплом ва сертификат топширилди. Шунингдек, таълим марказининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланди.


Лойиҳа ташаббускорлари 2023-2025 ўқув йилларига мўлжалланган олти ойлик қисқа муддатли курслар учун 1 миллион евро миқдорида маблағ ажратди. Бу маблағ эвазига 2023-2024 ўқув йилида 150 нафар Афғонистон фуқароси компьютер графикаси ва дизайн оператори, ахборот воситалари машиналари ва компьютер тармоқлари, тикувчилик ва пайвандлаш йўналишларига қабул қилиниб, касб сирлари чуқур ўргатилди.
Тадбирда ўқув курсини муваффақиятли тугатган 91 нафар тингловчи давлат таълим стандартлари асосидаги сертификатни қабул қилиб олди. Ўқув машғулотларида фаол иштирок этган бир гуруҳ тингловчилар таълим марказининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Улар эндиликда Сурхондарё вилоятида ўз бизнесларини йўлга қўяди ёки эгаллаган касблари бўйича вилоятдаги тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилади.


– Замонавий марказда тикувчилик курсида таҳсил олиб, бу касб сирларини мукаммал ўргандим, – дейди Термиз шаҳрида яшайдиган Афғонистон фуқароси Азимий Махноз. – Энди ўз бизнесимни йўлга қўйиб, тикувчилик билан шуғулланаман. Болалар ва аёлларнинг кийим-кечаги ва бошқа тикувчилик буюмларига яхши талаб бор. Марказда олган билим ҳамда кўникмаларим мен тайёрлайдиган кийим-кечаклар харидорларга янада манзур бўлишига яқиндан кўмаклашади. Бизга яратилган бундай имкониятдан беҳад мамнунмиз.
Лойиҳага мувофиқ, марказда 350 га яқин афғон фуқароси қисқа муддатли курсларда ўқиб, ўзлари танлаган касб сирларини мукаммал ўрганди. Яқин кунларда ўқув курсини тугатадиган 50 га яқин тингловчи махсус сертификатга эга бўлади. Шу кунларда янги ўқув йили учун 150 нафар тингловчини қабул қилишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Тадбир якунида сўзга чиққан тингловчилар кўрсатилаётган бундай эътибор учун давлатимизга чексиз миннатдорлик билдирди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири