Аэропортда йирик наркотрафик фош этилди – 1,5 кг. синтетик модда ушланди
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида гиёҳвандлик воситаларини уюшган гуруҳлар томонидан трансчегаравий усулларда ёки интернет тармоғидан фойдаланиб ўтказишнинг олдини олишга қаратилган муҳим вазифа ва топшириқлар белгиланган.
Ушбу вазифалар ижроси доирасида божхона органларининг тезкор тузилмалари томонидан ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Натижада, яқинда “Тошкент-Аэро” ИБК тезкор тузилмалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда яна бир наркотрафик канали фош этилди ҳамда синтетик гиёҳвандлик воситаларини республикамиз ҳудудига олиб кириш ва тарқатишга уринган шахслар фаолиятига чек қўйилди.

Жорий йилнинг 2 май куни пойтахт аэропортида Бишкек шаҳридан учиб келган хорижий давлат фуқароси божхона назоратидан яшил йўлак орқали ўтар экан, унинг хатти-ҳаракатларидаги безовталик божхона ходимларининг эътиборини тортди.
Тезкор текширув давомида ушбу шахснинг қўл юклари орасида спорт озиқ-овқат маҳсулоти сифатида кўрсатилган идиш ичига 500 граммга яқин синтетик гиёҳвандлик воситасига ўхшаш кукунсимон модда яширилгани аниқланди.
Айнан шу рейс билан келган яна бир йўловчи ҳам шубҳа остига олиниб, унинг юклари орасидан ҳам спорт озиқ-овқат маҳсулоти қадоғига яширилган 508 грамм оғирликдаги шубҳали кукунсимон модда топилди.

Мазкур ҳолатда асосий савол туғилди: ушбу наркотик моддаларни ким ва қаерда қабул қилиб олиши керак эди?
Тезкор тадбирлар натижасида аниқланишича, ушбу юкларни қабул қилиб олиш учун Сергели туманидаги маҳаллалардан бирида яшовчи 30 ёшли фуқаро тайинланган бўлган. У белгиланган жойда қўлга олинди.
Унинг яшаш хонадони холиcлар иштирокида кўздан кечирилганда эса гиёҳвандлик воситаларини ўлчаш ва қадоқлаш учун мўлжалланган “zip-пакетлар”, тарози ҳамда бошқа ашёвий далиллар аниқланди.
Шунингдек, иккинчи йўловчи орқали олиб кирилган 508 грамм модда режа асосида Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида “закладка” усулида қолдирилиши режалаштирилгани маълум бўлди. Ушбу моддани ҳам айнан ўша 30 ёшли шахс олиб кетиши керак бўлган.

Кейинги суриштирувлар жараёнида мазкур шахс жорий йил апрель ойида ҳам тахминан 500 грамм синтетик гиёҳвандлик воситасини Юқори Чирчиқ туманининг овлоқ ҳудудларидан бирига яшириб қўйганлиги аниқланган.
Экспертиза хулосасига кўра, жами 1,5 килограммдан ортиқ моддалар α-PVP туркумига мансуб синтетик гиёҳвандлик воситаси экани тасдиқланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, халқ орасида “сол” ёки “кристалл” деб аталадиган ушбу модда энг хавфли ва тез қарамлик келтириб чиқарувчи синтетик наркотиклардан бири ҳисобланади. Унинг ҳатто 0,01 грамми ҳам Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ “кўп миқдор” сифатида баҳоланиб, оғир жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ш.Маматуропова, ЎзА