Аэропортда 67 миллиард сўмлик қонунбузилиш ҳолатига чек қўйилган
Божхона қўмитаси томонидан журналистлар ҳамда блогерлар иштирокида “Тошкент халқаро аэропорти” чегара божхона постига пресс-тур ташкил этилди.
Мазкур тадбир жорий йил 20 июнь куни Божхона қўмитаси раиси иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан билдирилган таклифлар асосида ташкил этилди. Бу эса давлат идоралари фаолиятида очиқлик ва жамоатчилик билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратилаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Тадбир давомида “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси бошлиғи Дилафруз Мирзаҳмедова мамлакатнинг бош ҳаво дарвозасида йўловчиларнинг божхона назоратидан тез ва қулай ўтишини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
—Сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари натижасида Ўзбекистонга келувчи туристлар, инвесторлар ва ишбилармонлар сони сезиларли даражада ортиб бормоқда, — дейди Божхона қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Ғайрат Насиров. — Бу жараён Тошкент халқаро аэропорти фаолиятида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, 2021 йилда аэропорт орқали 21 мингдан ортиқ авиарейс амалга оширилган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб икки баравар ошиб, 40 мингтага етди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса аллақачон 21 мингдан зиёд рейс қабул қилиниб, 2021 йилнинг йиллик кўрсаткичига тенг натижа қайд этилди. Натижада, авваллари суткасига ўртача 50–60 та авиарейс амалга оширилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 100–110 тага етган. Йўловчилар оқимидаги ўсиш янада таъсирчан рақамларда намоён бўлмоқда. Агар 2021 йилда аэропорт орқали 2,6 миллион нафар йўловчи ҳаракатланган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 9 миллион нафарга яқинлашиб, 3,5 бараварга ошди. 2026 йилнинг ўтган даврида эса аэропорт орқали 5 миллион нафар йўловчи ҳаракатланиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 20 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Йўловчилар оқимининг ортиши билан бир қаторда давлат чегараларининг хавфсизлигини таъминлаш, контрабанда ва ноқонуний товар айланмасига қарши курашиш ҳам божхона органларининг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Маълум қилинишича, “Тошкент халқаро аэропорти” чегара божхона пости томонидан 2025 йилда қиймати 141 миллиард сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса ушбу кўрсаткич 67 миллиард сўмни ташкил этди.

Шунингдек, 2026 йилнинг ўтган даврида 17 килограммдан зиёд гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар, 28 килограммдан ортиқ заргарлик буюмлари, 11 миллиард сўм эквивалентидаги нақд хорижий валюта, 12 миллиард сўмлик дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний олиб ўтилиши барвақт аниқланиб, олди олинди. Бу кўрсаткичлар мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда божхона органларининг ўрни нақадар муҳим эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Пресс-тур давомида таъкидланганидек, айни кунларда Брюссел шаҳрида Жаҳон божхона ташкилотининг йиллик сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда дунёнинг 187 давлати вакиллари иштирок этмоқда.

Бугунги кунда жаҳон божхона тизимида асосий эътибор фақат назорат ва хавфсизликка эмас, балки инсонларга хизмат кўрсатиш сифати, тезкорлик, қулайлик ва рақамли инновацияларни жорий этишга қаратилмоқда. Бу ёндашув янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган, инсон қадри ва манфаатларини устувор қўйган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг.
Пресс-тур давомида аэропортдаги божхона назорати жараёнлари, рақамли технологиялар имкониятлари ҳамда йўловчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларига гувоҳ бўлдик.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА