“Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгашига раис сайланди
Навоий вилоятида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят Кенгашининг VII Пленуми бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилоят Кенгаши биносидаги мажлислар залида ташкил этилди.
Пленум ишида партиядан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда ташкилий масала – партиянинг Навоий вилоят Кенгаши раиси лавозимига номзодни кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда партиянинг вилоятдаги аъзолари сони 95 мингдан ортиқни ташкил этади. Ҳудудларда 673 та бошланғич партия ташкилоти фаолият олиб бораётган бўлиб, уларнинг иши 11 та туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Аъзоларнинг салмоқли қисмини ёшлар ва хотин-қизлар ташкил этади.
Шунингдек, партиядан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 45 нафар депутат сайлангани таъкидланди. Уларнинг 6 нафари вилоят Кенгашида, 39 нафари эса қуйи бўғин Кенгашларида фаолият юритмоқда.

Пленумда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибаева вилоят Кенгаши раиси лавозимига Мансуржон Ҳамидов номзодини илгари сурди ва унинг меҳнат фаолияти ҳақида маълумот берди.

Муҳокамалар давомида сўзга чиққанлар номзоднинг давлат ва жамоат бошқаруви соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси, масъулиятли лавозимлардаги самарали фаолияти ҳамда ташаббускор раҳбарлик қобилиятини алоҳида таъкидлади.
Якунларига кўра, Мансуржон Ҳамидов номзоди Кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Маълумот ўрнида, у мазкур тайинловга қадар “Ноила” ижтимоий кўмак, ҳуқуқий тарғибот ва мониторинг марказига раҳбарлик қилиб келган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири