Қадоқлаш учун қулай ва ишончли
Ишлаб чиқарилган маҳсулотни истеъмолчига чиройли ва сифатли кўринишда тақдим этиш бизнеснинг муҳим омилларидан биридир. Бу борада қадоқлаш ва ўрама маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган кичик бизнес субъектлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотни истеъмолчига чиройли ва сифатли кўринишда тақдим этиш бизнеснинг муҳим омилларидан биридир. Бу борада қадоқлаш ва ўрама маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган кичик бизнес субъектлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга.Наманган вилоятининг Норин туманидаги “Norin Мega Тech” масъулияти чекланган жамиятида замонавий технологиялар асосида полиэтилен хомашёсидан ҳаво пуфакчали қадоқлаш ва ўрама маҳсулотлари тайёрланмоқда.
Енгил, ихчам, қулай ва ишончли бўлган ушбу ўрама маҳсулоти эластиклиги, пишиқлиги, нам тортмаслиги, зарбни юмшатиши, иссиқ ва совуқдан ҳимоя қилиши, экологик хавфсизлиги каби жиҳатлари билан ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркор ва ишбилармонлар эътиборини тортмоқда. Чунки икки ва уч қаватли ҳаво пуфакчали плёнка, айниқса, чинни ва шиша буюмлар, қўл телефони, телевизор, компьютер, сирланган металл анжомлар, мебелларни ташқи механик ва табиий таъсирлардан ишончли ҳимоя қилади.
– Айни пайтда “GM Uzbekistan”, “UzChasys” каби қатор автомобилсозлик саноати корхоналарига буюртма асосида маҳсулот етказиб берилмоқда, – дейди корхона иш бошқарувчиси Убайдулло Қаҳҳоров. – Ўтган йили 360 миллион сўмликдан зиёд сифатли қадоқлаш ва ўрама маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Бундан ташқари, эни 200 миллиметрдан 1600 миллиметргача, узунлиги 50 метрдан 100 метргача бўлган икки ва уч қаватли ҳаво пуфакчали плёнкаларга ҳам талаб ортмоқда. Бу плёнка иссиқлик энергиясини 15-20 фоизга тежаш имконини бериши билан афзалдир.
Буюртма асосида турли ўлчамдаги пакетлар тайёрланиб, унга компьютерлаштирилган технология асосида буюртмачининг логотипи ва бошқа реклама маълумотлари ҳам тушириб берилмоқда.