Адлия вазири ёшлар билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Адлия вазири ва ёшлар” мавзусида учрашув ўтказилди. Иқтидорли ёшлар адлия вазири Русланбек Давлетов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев билан учрашди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Адлия вазири ва ёшлар” мавзусида учрашув ўтказилди. Иқтидорли ёшлар адлия вазири Русланбек Давлетов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев билан учрашди.
Тадбирда ёшларга оид давлат сиёсатининг аҳамияти, ёшлар учун қонунчиликда яратилган имкониятлар, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
– Раҳбарлар ва ёшлар ўртасида мулоқот бироз оқсаётган эди, – деди адлия вазири Русланбек Давлетов. – Бу каби ташаббусларни тизимли равишда давом эттиришимиз керак. Мазкур учрашув мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатини тўғри тушунтириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятни ўстиришга хизмат қилади.
Тадбир доирасида Адлия вазирлигига экскурсия ташкил этилди. Ёшлар вазирлик ички тузилмаси, бошқармалар ва бўлимлар фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, улар норма ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ҳуқуқий тарғибот каби вазирлик ваколатига кирадиган функцияларнинг амалга оширилиши жараёнига гувоҳ бўлдилар.
Вазирлик фаолияти тўғрисидаги тақдимот ва адлия органлари тарихи музейига ташриф ёшларга адлия органлари фаолиятини янада аниқ ва мукаммал тасаввур этишлари учун ёрдам берди.
Шу билан бирга қизиқарли савол-жавоблар, викториналар ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Фаол иштирокчиларга адлия вазирининг эсдалик совғалари топширилди.