Адлия даъвоси судда қаноатлантирилди
“Qiziltepa Cotton Trans” маъсулияти чекланган жамияти ҳудуддаги “Навоий йўл кўкалам” унитар корхонаси буюртмасига асосан пудрат ишларини амалга оширган. Ўзаро тузилган шартномага асосан ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш учун суғориш тизими ўрнатилган. Бунинг учун МЧЖ томонидан бир миллиард сўм атрофида маблағ ҳам сарфлаган. Аммо “Навоий йўл кўкалам” унитар корхонаси қилинган меҳнатга ҳақ тўламаган. Натижада тадбиркор амалий кўмак сўраб туман адлия бўлимига мурожаат қилган.
– “Qiziltepa Cotton Trans” масъулияти чекланган жамияти томонидан қилинган мурожаат юзасидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилди, – дейди туман адлия бўлими бошлиғи Абдували Асадов. – Тўпланган ҳужжатлар асосида тадбиркор манфаатига “Навоий йўл кўкалам” унитар корхонасига нисбатан Кармана туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Бироқ негадир “Навоий йўл кўкалам” унитар корхонаси мутасаддилари суд ишида иштирок этмади. Суд эса киритган даъвомизни қаноатлантирди ва корхонага қарийб бир миллиард сўм маблағ тўлаб берилиши юзасидан қарор қабул қилди.
Мурожаат туфайли яна бир тадбиркорнинг ҳуқуқи тикланиб, унга етказилган зарар ўрни қопланди.
А.Бўриев, ЎзА