Адлия бўлими фуқарони ҳимоя қилди
Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани “Жамбул” МФЙда яшовчи М.Нормуродова “Микрокредит” АТБ да 25 йил ҳисобчи бўлиб ишлаган. 2023 йил 1 июнда у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Бундай ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 173-моддасига асосан, ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўланиши белгиланган бўлса-да, жавобгар томонидан 2023 йилнинг 4 июль кунига қадар М.Нормуродовага ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаган. Шу сабабли фуқаро туман адлия бўлимига мурожаат қилади.
Туман адлия бўлими фуқаро манфаатини кўзлаб, “Микрокредит” АТБнинг Чироқчи филиалидан ишдан бўшатиш нафақасини ундириш тўғрисида Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро судига даъво аризаси киритди.
Адлия аралашгач суд томонидан фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилиб, жавобгар ҳисобидан М.Нормуродова фойдасига 17 миллион 800 минг сўм ишдан бўшатиш нафақаси ҳамда 1 миллион сўм маънавий зарар ундирилди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири