Адлия аралашгач ходимларга устамалар тўлаб берилди
Президентимизнинг 2021 йил 11 январдаги “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори олис ва чекка ҳудудлардаги бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассислар меҳнатини янада рағбатлантириш, бўш иш ўринларини тўлдириш ҳамда жойларда малакали кадрларнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шароитлар яратишда муҳим дастуриламал бўлди.
– Адлия тизими ходимлари томонидан Президент фармон ва қарорлари, шунингдек, ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ўрганилиб, таҳлил қилиб борилади, – дейди Нурота тумани адлия бўлими бошлиғи Умид Сувонов. – Ўрганишлар жараёнида А.Асадов ва яна тумандаги 5 тоғ этакларидаги мактабларнинг 7 нафар ўқитувчисига қонунчиликда белгиланган бир марталик бошланғич ёрдам ва ҳар ойда тўланадиган уй-жой ижара ҳақи пуллари тўланмаганлиги аниқланган. Натижада адлия аралашуви билан суд қарорлари орқали ўқитувчиларга жами 105 миллион сўм миқдорида пул маблағлари тўлаб берилиши таъминланди. Айни кунда туман адлия бўлими ходимлари томонидан худди шу мазмундаги 60 дан ортиқ мурожаатга ижобий ечим топилган.
Шунингдек, туман адлия бўлими ходимлари томонидан ўтказилган мониторинг давомида туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг айрим ходимлари учун моддий ёрдам, мукофот пуллари тўлаб берилмаганилиги маълум бўлди. Натижада тизим мутасаддиларига тақдимнома киритилиб, 3 нафар ходимга 50 миллион сўм тўлаб берилди.
А.Бўриев, ЎзА